Лицензиясиз "Умра": Самарқанд ва Гулистонда ташкилотчилар қўлга олинди
Юртимиз бўйлаб “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Бу эса, ўз навбатида кўплаб қонунбузилиш ҳолатлари фош этилиши ва уларнинг давомийлигига чек қуймоқда.
Барчамизга маълумки, “Умра” ва “Ҳаж” сафарларини ташкил этиш фақат тегишли лицензия ва рухсатномаларга эга бўлган ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин. Ушбу соҳадаги фаолиятни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668-сон қарори ҳам қабул қилинган.
Афсуски, бугунги кунда айрим сайёҳлик фирмалари тегишли лицензия ва рухсатномаларга эга бўлмасдан, фуқароларни “Умра” ва “Ҳаж” зиёратларига юборишга уринаётгани кузатилмоқда. Шундай қонунбузилиш ҳолатларидан бири Самарқанд шаҳрида аниқланди.
Хусусан, ички туризм йўналишида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси ходими тегишли лицензия ва рухсатномаларга эга бўлмаган ҳолда, уч нафар фуқарони «Умра» зиёратига юборишни ваъда қилган. Бунинг эвазига у ҳар бир фуқародан 1 200 АҚШ долларидан, жами 3 минг 600 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган.
ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс 3600 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Худди шундай ҳолат Гулистон шаҳрида ҳам аниқланди. Унда 1974 й.т. шахс Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи турфирма орқали 3 нафар фуқарони муқаддас диний амалларни бажариш учун Саудия Арабистонига ноқонуний юбориш эвазига жами 3300 АҚШ доллари ва 1,2 млн сўм олган вақтида ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ИЖҚКДнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА