Лейпцигдаги дрон ҳодисаси Россияга боғланди (+видео)
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Лейпциг аэропортида портловчи модда бўлган дрон билан боғлиқ ҳодиса юзасидан Россиянинг Европа Иттифоқидаги вақтинчалик вакили Карен Малаянни чақирди, деб хабар қилди DW нашри.
Хуллас, 4 август куни Лейпциг аэропортида Украинага тегишли юк самолётига қарши қўпорувчилик ҳаракатларига уриниш бўлган. Портловчи модда бўлган дрон Украинага тегишли бир нечта юк самолёти яқинидан топилган.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Лейпцигдаги ҳужум давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган терроризмнинг барча белгиларига эга эканини айтди. У Европа Иттифоқи бунга қатъий жавоб беришини маълум қилган. Унинг айтишича, Россия ҳарбий-саноат мажмуаси билан боғлиқ 1600 та позицияни санкциялар рўйхатига киритиш устида иш олиб борилмоқда. Рўйхатни яна кенгайтириш режалаштирилган.
Каллас Россия вакили чақирилганини маълум қилиб, Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари ҳам худди шундай чора кўрганини маълум қилган.
Жумладан, Франция Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Париждаги элчихонаси вакили чақирилганини билдирди.
Венгрия Германия билан бирдамлигини билдирди. Эстония ҳам дрон орқали Лейпциг аэропортида қилинган ҳаракат Россия бутун Европа учун таҳдид эканини кўрсатганини билдирди. Латвия ва Литва ҳукуматлари ҳам Германияни қўллаб-қувватлади.
1 сентябрь куни Германия ички ишлар вазири Лейпцига эропортидаги дронлар билан боғлиқ ҳодиса учун Россия жавобгар, деб ҳисобланаётганини билдирди. У Россия томонидан янги гибрид ҳужумлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
1 сентябрь куни Россиянинг Берлиндаги элчиси Сергей Нечаев Германия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Унга Лейпциг аэропортидаги дронлар ҳужумига Москва алоқадорлиги бўйича Германиянинг норозилиги билдирилди. Россия дипломати бу айбловларни рад этди.
Шу куни Германия ташқи ишлар вазири Россияга қарши жавоб чоралари доирасида Россиянинг Бонндаги бош консулхонаси 18 сентябрга қадар ёпилишини маълум қилди. Шунингдек, Берлиндаги “Русский дом” фаолияти бўйича келишув бекор қилинди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Москва Россияга қарши барча қарорларга жавоб беришини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, Германия ҳукумати “Русский дом” фаолиятидан аввалдан норози бўлиб келган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/BJ13lG1QxVw" title="Leypsigdagi dron hodisasi Rossiyaga bog‘landi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА