Портатив лазерли нур тарқатувчи воситалар муомаласини тартибга солиш, шунингдек, портатив лазерли нур тарқатгичларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни белгилаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур ҳужжат лойиҳаси бугун Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, лазерли нур тарқатгичларни Ўзбекистонга қонунга хилоф равишда олиб кириш ва улардан фойдаланиш ҳолатларининг кўпайиши фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигига ҳамда жамоат тартибига юқори даражада таҳдид туғдирмоқда. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан юқорида қайд этилаётган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунга риоя этмаганларни тегишли тартибда жавобгарликка тортиш масаласи назарда тутилмоқда.

— Лазерли нур тарқатиш воситаларини ҳаво кемалари парвозлари вақтида уларга қаратиш ва шу орқали уларнинг хавфсизлигига таҳдид солиш ҳолатлари учун амалдаги қонунчилигимизда маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган, — дейди депутат Жуманазар Отажонов. — Аммо бу воситалар йўлда транспорт ҳайдовчисининг кўзига қаратилса, оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис лазерли нур тарқатиш воситаларини қонунга хилоф равишда Ўзбекистон ҳудудига олиб кирганлик, улардан нотўғри фойдаланганлик, ноқонуний сақлаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Бу ҳаракатларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб, маъмурий жарималар кўзда тутилмоқда. Масалан, лазерли нур тарқатиш воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланса, базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 15 бараваридан 25 бараваригача, бу воситаларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва сақлаш каби ҳаракатлар учун эса БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача, уни Ўзбекистон ҳудудига олиб кирганлик учун эса БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима жазоси қўлланилиши кўзда тутилмоқда.

Бу ўринда тақиқланган, қонунга хилоф равишда қўлланиладиган лазерли воситалар ҳақида гап кетяпти. Чунки бугунги кунда кўпгина соҳаларда лазерли нур тарқатиш воситаларидан фойдаланилади. Тиббиётда, саноатда фойдаланиладиган, аммо Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган айрим ускуналарни Ўзбекистонга олиб кириш учун давлат божидан озод қилиш ҳолатлари қонунчилигимизда белгиланган. Фақатгина қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидаларни бузган ҳолда, қонунга хилоф равишда бу воситаларни олиб кириш ва фойдаланиш учун жавобгарлик кўзда тутилмоқда, — дейди депутат.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши лазерли нур тарқатиш воситаларидан ноқонуний фойдаланиш ва нохуш ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА