Ядровий хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари ва парламент назоратига оид масалалар муҳокама қилинди.
Жумладан, йиғилишда “Саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида давлат назоратини янада такомиллаштириш, қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Саноат тармоқларини модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш билан бир қаторда давлат бошқаруви ва назорати тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш зарурати мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси билан айрим қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясининг ваколатлари аниқлаштирилмоқда. Шунингдек, мазкур давлат органлари томонидан бериладиган лицензия ва рухсатномалар турлари белгилаб қўйилмоқда.
Атом энергиясидан фойдаланиш, радиациявий ва ядровий хавфсизлик билан боғлиқ қоидаларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш, юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш тартибини белгилаш ҳам назарда тутилмоқда.
Лойиҳада назарда тутилаётган нормалар саноат, радиациявий ва ядровий хавфсизлик соҳаларида ваколатли органлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада аниқлаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, қоида ва талабларни бузганлик учун таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик ва етарлилик принципларини таъминлаш, давлат назорати самарадорлигини ошириш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга асос бўлади.
М.Комилова, ЎзА