Лак миниатюраларида жонланган адабий образлар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида “Рус тили: ўқиймиз, тинглаймиз, томоша қиламиз” халқаро лойиҳаси доирасида “Рус адабиёти лак миниатюрасида” кўргазмаси очилди.
Маданий-маърифий тадбир рус тили ва адабиётини санъат орқали кенг тарғиб этиш, икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш, музейлар ўртасидаги профессионал ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда декоратив санъат намуналарини кенг жамоатчиликка тақдим этиш мақсадида ташкил этилди.
Кўргазма Бутунроссия амалий безак санъати музейи коллекцияси асосида тайёрланган. Экспозициядан рус адабиёти асарлари сюжетлари ва машҳур қаҳрамонлари образлари акс эттирилган лак миниатюралари ўрин олган.
Лак миниатюраларида адабий асарлар мазмуни майда деталлар, мураккаб композициялар, нафис тасвирлар ва ранглар уйғунлиги орқали ифодаланган. Бу эса ташриф буюрувчиларга рус адабиётидаги таниш образ ва сюжетларни декоратив-амалий санъатнинг ўзига хос талқинида кўриш имконини беради.
Кўргазманинг очилиш маросимида Бутунроссия амалий безак санъати музейи директори Татьяна Рибкина иштирок этди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи ҳамда Бутунроссия амалий безак санъати музейи ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат музейлар ўртасида тажриба алмашиш, мутахассислар алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, қўшма кўргазма ва маданий-маърифий лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
[gallery-31721]
Шунингдек, “Рус адабиёти лак миниатюрасида” кўргазмасининг Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейига беғараз тақдим этилгани тадбирнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Кинофестиваллар ва халқаро дастурлар марказининг анъанавий ташаббуси доирасида кўргазманинг музейга топширилганини тасдиқловчи сертификат тантанали равишда тақдим этилди.
Мазкур ташаббус музей фондини янги санъат намуналари билан бойитиш баробарида, рус декоратив санъати анъаналарини Ўзбекистонда кенг тарғиб этиш, маданий мулоқот ва музейлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Тадбир якунида иштирокчилар кўргазма экспозицияси билан танишиб, лак миниатюраси санъатининг ўзига хос жиҳатлари, унда акс эттирилган адабий сюжет ва образлар ҳақида маълумот олди.
Камола Юсупова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА