Кузнинг уйғоқ сукунати ва хазонлар шивирига таржимон сатрлар
Ижод ва илҳом
Ҳар кимнинг ўз ёқтирган фасли бўлади. Кўпчилик куз билан суҳбатлашишни, оловранг дарахтзорларни ёлғиз сайр қилиб, ҳикмат излашни яхши кўради. Ҳар сонияда дарахтлардан ўйноқлаб тушаётган сариқ япроқлар ёш болаларни қувонтирса, катталарни вазминроқ, ўйчанроқ, деҳқонларни эса андак шошириб қўяди.
Бу фаслга ҳар кимнинг ўзгача таъриф-у ташбеҳи бор. Бунда ижод аҳли нима дейди? Ўзбек шоирларининг куз ҳақидаги шеърларига кўз югуртираман. Кимдир мисраларида кузга маҳзунлик, фалсафий кайфият берса, яна қайсидир шоир умидбахш ташбеҳлари билан мисраларни безайди.
Ўзбек шеъриятининг забардаст намояндаси Абдулла Орипов шеърларида куз манзарасини қуйидагича ифодалайди.
Кечки кузак кирмоқда, нина сочар изғирин,
Деҳқон ҳам ташлаб кетди қадрдон дала-қирин.
Ҳувуллаб қолди, мана, гавжум боғлар, боғчалар,
Яшил элларга томон учиб кетди қушчалар.
Кетди қирдан турна ҳам, бўшаб қолди табиат,
Ўлик мезонлар кезар совуқ далада фақат.
Каҳрабо кўз ёш тўкиб турар фақат дарахтлар,
Не қилсин, учай деса, уларда йўқ қанотлар...
Шоирнинг бу мисраларида катта фалсафий қараш, инсонни камолотга ундаш руҳияти бор. Далада ёлғиз қолган куз, ҳатто деҳқонлар ҳам ташлаб кетган табиат... Кўз ёш тўкаётган дарахтлар мисолида шоир бизга кўп нарсаларни айтмоқчи бўлади. Бу фалсафани илғаш учун эса кузни севиш, ҳис қилиш керак.
Ҳассос қалбли шоира Ҳалима Худойбердиева ўз шеърида кузги барглар шивирини шундай ифодалайди.
Ўз дунём ичида боғларни яратдим.
Сўлиб битдилар.
Тафаккур кучидан тоғларни яратдим.
Нураб кетдилар.
Боғларим ўрнида хазонлар, супурдим,
Барг, хазон.
Тоғларим ўрнида тепалар, жим турдим.
Дилда қон.
Куйдим мен, аммо кул бўлмадим, қайталаб
Тупроққа тўкдим мен, манглай тер, дил қоним.
Майса, кўк майсалар унда зап,
О, жоним!
“....Боғларим ўрнида хазонлар, супурдим.” Бу хазонлар шоиранинг ўз манзилига етиб боролмай қолган орзу-умидлари, армонга айланган муҳаббатига менгзалган бўлса не ажаб. Зеро, у куйлаган боғларда деҳқонларнинг ҳам баракаси бор.
Кеч куз. Намозшом.
Ҳовлида сукунат мудрайди.
Дарахтларнинг заъфарон япроқлари
Муздай шамол чангалида титрайди.
Қунишиб айвонда, Ҳассага таяниб,
Қонталаш уфққа тикилар кекса чол.
Ўзига хос овоз соҳиби, шоир Турсун Алининг “Уйғоқ сукунат” номли шеърий тўпламига киритилган ушбу шеъридаги “Муздай шамол чангалида титрайди”, мисраси ўқувчининг диққатини тортади. Аслида табиат ҳодисаси бўлмиш муздай шамолда шоирнинг ўзига хос қараши бор. Яъни ташбеҳларда умрнинг синовлари, инсоннинг бошига тушадиган турли қийинчилигу муаммолардан сабр-тоқат билан ўтган ва ўтаётганлар кечмиши мужассам. Ва ўша титроқлардан эсон-омон ўтиб олган инсон ҳассага таянган отахон мисолида уфққа боқиб, қуёшнинг ботишини томоша қилади. Ахир қонталаш уфққа қараб ботаётган қуёшни фақат хотиржам, тинч ва осуда юртда яшаётган одамгина томоша қила олади.
Августни ташлаб, кузга ўтишни истамаган севимли шоирамиз Фарида Афрўз бир шеърида шундай фиғон чекади.
Мени кузга узатди, август,
Ёр-ёр айтиб, ўланлар айтиб.
Сочларимни ювди, ёмғирлар,
Қўлларимдан шамоллар тутиб,
Ташлаб кетди...
Ёрлар-ёрлар айтиб...
Келмади қайтиб...
О, АВГУСТ!
Шоиранинг қалб нолалари бежизга эмас. Бу нолалар ичида неча августлардан бери у билан бирга яшаётган кучли муҳаббат бор. У ана ўша муҳаббатни ташлаб кетгиси ва усиз ёлғиз кузга ўтгиси келмайди. Қанча ёмғирлар синовидан ўтиб, покланган муҳаббатнинг куз изғиринларида қолиб кетишини истамайди.
Эл суйган ижодкор Усмон Азим “Кузги боғ” ҳақидаги шеърларида кузни қайғуга, ҳасратга ва етиб бўлмас маконга қиёслайди.
Биламан, бу куздан бўлмайди ўтиб —
Унинг қайғулари — тентаклик қадар,
Унинг ҳасратлари — юксаклик қадар.
Қалбингга мен қандай бораман етиб,
Ахир, ўртамизда бир фасл кадар.
Ушбу мисралардан куздан ҳар ким ўзича ҳикмат, фалсафа излаши кўринади. Қайсидир шоир кузги мисраларини гўзаллик, айрилиқ, соғинч билан боғласа, бошқа ижодкорлар ҳосил, барака, тўкинлик рамзи сифатида кўради.
Ўзбек шоирларининг куз ҳақидаги ижодий намуналарини ўқиган ҳар қандай инсон беихтиёр кузга эргашади, бир лаҳза бўлса-да шеър билан яшайди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА