Куз ёмғири
Этюд
Куз ёмғири кўпинча бизни узоқ куттиради. Шунданми, жуда соғинамиз уни. Ахир ёз фаслида ёмғир деярли ёғмайди. Ёғса ҳам билинар-билинмас ёғиб ўтади. Яхшилаб кўриб олишга ҳам улгурмайсан.
Айниқса, ёзда кенг далалар ҳам ёмғирни беҳад қўмсайди. Унинг муздек томчиларини симиргиси, ичгиси келади. Лекин табиат уларнинг сабрини синовдан ўтказади. Охир-оқибатда уларнинг бағри қуёшнинг оташин нурлари остида тинимсиз қизийди, гўё тандир дейсиз. Унга нон, тухум қўйсангиз ҳам шу заҳоти пишадигандай туюлади. Бундан ташқари, далаларнинг ҳар қаричига чанг, ғуборлар ўрнашган. Уларни фақат ёмғир ювиб, кетказиш мумкин. Аммо минглаб фаррошлар ҳам бу ишни эплашолмайди. Фақат ёмғир, ҳа, фақат ёмғирнинг қўлидан келади бу иш.

Бу йилги кузги ёмғир худди “ менинг қадримга ҳам бир етишсин” дегандай, анча вақтгача ёғмади. Бундан кўпчилик одамлар, қушлар, дарахтлар, шоирлар хафа бўлишди. Лекин деҳқонлар, айниқса пахтакорлар шодлигининг чегараси бўлмади. Ахир далалардаги кечки экинларни қисқа фурсатда йиғиштириб олишнинг ўзи бўладими?! Бундан ташқари, пахта ўз вақтида териб олинмаса, ёмғирда қолиб кетса, унинг сифати ёмонлашади, оқибатда нархи арзонлашади, даромад камаяди.

Куз ёмғири бошқа фасллардаги ёмғирлардан анча фарқ қилади. Унга тикилган одам нимагадир ўйчанлик ва ғамгинликни ҳис қилади. Бундан ташқари, у кўнгилга англаб бўлмас ажиб бир ҳисларни ҳам туҳфа қилади. Боғларни айтмайсизми, худди бир келинчакдай очилиб кетади. Боқиб тўймайсиз. Бу ҳолатлар, айниқса, у ҳақда ёзган шоирларнинг шеърларида яққол сезилади.
Кузатганмисиз ҳеч куз ёмғирини?
Ҳар бир лаҳзасида оламча мазмун.
Олгандай дунёнинг бор оғриғини,
Нақадар дардчил у, нақадар маҳзун.
Дераза ойнасин ҳар чертганида,
Дилда ўйғонади ажиб бир ҳислар.
Борлиғим яйрайди, таратганида
Гулзору боғлардан ажойиб ислар.
Куз ёмғири дарахтлар остида ётган япроқларни ҳам топ-тоза қилиб ювганидан бўлса керак, у ёғишдан тўхтагач, бу барглар қуёшнинг нурида олтин каби товланиб, ажиб бир гўзалликни вужудга келтиради.
Эсимда. Биз болалар пахта терган пайтларимиз ёмғир ёғиб қолса, далага чиқмасдик, дам олардик. Бир кун бўлса ҳам толиққан танларимиз ором оларди. Бу ташрифи учун биз ёмғирдан миннатдор бўлардик.

Куз ёмғири кўчаларни ҳам чиннидай ярақлатиб қўяди. Юрган сайин юринг келади. Тўғри, ёмғир кўлмакчаларни ҳам юзага келтиради. Оқибатда машиналарга яқин юрсангиз, уларнинг ғилдираклари остидан отилган сув уст-бошингиз жиққа ҳўл қилиши ҳеч гапмас.
Худди баҳор ёмғири сингари куз ёмғири ҳам менга жуда ёқади. Ҳар доим унинг келишини, ёғишини интиқиб кутаман. У ёққан пайтлар худди ёш боладай шодланаман. Ўзимни энг бахтли одамлардай ҳис қиламан. Сиз-чи?!
Туроб НИЁЗ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир