Давлат бошқарувида стратегик режалаштириш воситаларидан самарали фойдаланилади
Давлат бошқаруви тизимига илғор халқаро тажрибалар ва замонавий андрагогик ёндашувларни жорий этишга эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамда халқаро ҳамкорлар билан биргаликда махсус малака ошириш курси бошланди.
Академиянинг илмий ишлар ва халқаро алоқалар бўйича проректори Раима Ширинованинг айтишича, дастур доирасида иштирокчиларнинг стратегик режалаштириш воситаларидан амалий фойдаланиш, таҳлилий ёндашувларни қўллаш ҳамда билимларни самарали етказиш бўйича профессионал компетенциялари ривожлантирилади.
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги «Самарали бошқарув» дастури маслаҳатчиси Жасмина Попин ҳамда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров ўқув дастурининг мазмуни ва устувор йўналишлари билан таништирди.

Назария ва амалиёт уйғунлигида ташкил этилган беш кунлик интенсив машғулотлар стратегик режалаштириш, вазиятни таҳлил қилиш, мақсад ва устувор йўналишларни белгилаш, SWOT ва PESTLE таҳлил воситалари, самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) ишлаб чиқиш, бюджетлаштириш, мониторинг ва натижаларни баҳолаш масалаларини қамраб олади.
Дастур иштирокчилари республиканинг етакчи олий таълим муассасалари, Академиянинг ҳудудий филиаллари ва таркибий бўлинмаларидан саралаб олинган.
Машғулотларга GIZнинг халқаро ва миллий экспертлари, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) мутахассиси, Агентлик вакиллари ҳамда Академия профессор-ўқитувчилари жалб этилган.
Курс якунида юқори натижаларга эришган тингловчилар Академия ва Агентлик ҳамкорлигида ташкил этиладиган махсус ўқув курсларига тренер сифатида жалб этилади.
Ушбу ташаббус стратегик режалаштириш соҳасида билимлар трансферини кенгайтириш ҳамда давлат бошқарувида натижадорликни бошқариш компетенцияларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА