Моддий ёрдамдан мустақил даромад сари
Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш борасида манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Туманнинг “Чўлқувар” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Иқлима Истамова хонадонида юз берган ўзгаришлар ижтимоий ҳимоянинг асл мақсади инсонга нафақат бугунги куни учун ёрдам бериш, балки эртанги кунини мустақил қуришига имконият яратишдан иборат эканини кўрсатади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва индивидуал ёндашувни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда ҳар бир оиланинг ижтимоий ҳолатини ўрганиш, муаммоларини аниқлаш ва мавжуд имкониятларидан келиб чиқиб, уларни мустақил даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Қоровулбозор туманининг Чўлқувар маҳалласида ҳам бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Маҳаллада 4 минг 221 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 67 нафари ногиронлиги бўлган шахслардир. Шунингдек, 24 та оила Ижтимоий реестрга киритилган бўлиб, уларнинг 9 таси давлат таъминотидаги, 13 таси камбағал ва 2 таси камбағаллик чегарасидаги оилалар ҳисобланади. Маҳаллада 10 нафар ёлғиз кекса ва ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган кекса, васийлик ҳамда ҳомийликка олинган 10 нафар бола ҳам бор.
Албатта, бу рақамларнинг ҳар бири ортида алоҳида инсон тақдири, оилавий шароит ва ечимини кутаётган муаммолар мужассам. Шу боис маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлашда умумий ёндашувдан кўра, ҳар бир хонадоннинг эҳтиёжига мос ёрдам кўрсатиш тамойилига амал қилинмоқда.

Иқлима Истамова оиласи ана шундай эътибор қаратилган хонадонлардан бири. Икки нафар вояга етмаган фарзандини тарбиялаётган она учун болаларнинг таъминоти, уларнинг таълим-тарбияси ва оилавий даромадни таъминлаш муҳим масалалардан эди.
Маҳалла ижтимоий ходими Гулруҳ Аҳмедова томонидан оиланинг ижтимоий ҳолати атрофлича ўрганилиб, эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда зарур чоралар белгиланди. Дастлаб, белгиланган тартибда болалар нафақаси тайинланди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан фарзандларининг кийим-кечакка бўлган эҳтиёжлари қондирилди.
Шу билан бирга, оиланинг фақат моддий аҳволига эмас, балки Иқлима опанинг руҳий ҳолатига ҳам эътибор қаратилди. Унга психологик ёрдам кўрсатилиб, зарур ҳуқуқий масалаларда юридик хизмат ташкил этилди. Зеро, ижтимоий ҳимоянинг мазмуни фақат нафақа ёки бир марталик моддий ёрдам бериш билан чекланмайди. Инсоннинг руҳий ҳолатини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ўз имкониятларига ишончини мустаҳкамлаш ҳам бу тизимнинг муҳим таркибий қисмидир. Бироқ оила ҳаётидаги энг муҳим ўзгариш Иқлима опанинг мустақил даромад манбаига эга бўлиши учун шароит яратилганида намоён бўлди. Унинг таомлар ва миллий пишириқлар тайёрлашга қизиқиши, бу борадаги қобилияти ҳамда тадбиркорлик истаги инобатга олиниб, ўз хонадонида фаолият бошлаши учун 10 миллион сўм миқдорида фоизсиз ссуда ажратилди.
Натижада Иқлима опа уй шароитида миллий пишириқлар, салатлар ва ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлашни йўлга қўйди. Эндиликда у фарзандлари тарбиясидан ажралмаган ҳолда меҳнат қилиб, оиласи даромадига ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлди.
Бу ерда эътиборли жиҳат шундаки, кўрсатилган кўмак Иқлима опанинг мавжуд қизиқиши ва салоҳиятига таянган ҳолда ташкил этилди. Яъни унга шунчаки молиявий ёрдам берилмади, балки бу маблағ орқали ўз меҳнати билан даромад топиши учун имконият яратилди. Бу эса ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг боқимандалик кайфиятини эмас, ташаббускорлик ва иқтисодий мустақилликни рағбатлантиришга қаратилганини кўрсатади.

Оиланинг фарзандлари ҳам эътибордан четда қолмади. Улар “Келажак” марказидаги ўқув тўгаракларига бепул жалб этилди. Бу эса болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, янги билим ва кўникмаларни эгаллаши, келгусида ўз қобилиятларини ривожлантириши учун қўшимча имконият яратмоқда.
Иқлима Истамова оиласи мисолида ижтимоий ҳимоянинг бир-бири билан узвий боғлиқ бир неча йўналиши — моддий ёрдам, психологик ва ҳуқуқий хизмат, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда болалар таълимига кўмаклашиш чоралари ягона мақсад йўлида бирлашганини кўриш мумкин. Энг муҳими, бу жараёнда оила фақат ёрдам олувчи сифатида эмас, балки ўз ҳаётини яхшилашга қодир, имконият ва салоҳиятга эга субъект сифатида қаралмоқда.
Зеро, ижтимоий ҳимоянинг ҳақиқий самараси ажратилган маблағ ёки кўрсатилган хизматлар сони билангина эмас, балки инсон ҳаётида юз берган ижобий ўзгариш, унинг оёққа туриши, мустақил даромад топиши ва келажакка ишонч билан қадам қўйишида намоён бўлади. Иқлима опа хонадонидаги бугунги ўзгаришлар ҳам ана шу мақсаднинг амалий ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири