Қарор ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «2021-2022 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик, юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларда олиб борилган капитал ҳамда жорий таъмирлаш ишлари натижалари» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Дадажон Исақулов тизимда амалга оширилаётган ишлар, жорий ва капитал таъмир натижаларига асосий урғу берди.
[gallery-3725]
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги қарорига асосан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ташкил этилган, – деди Д.Исақулов. – Бугунги кунда жамияти таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами 14 филиал, электр тармоқларини рақамлаштиришга ихтисослашган “Energo-IT” филиали, “Ўзэнергоинжиниринг” АЖ лойиҳа ташкилоти, махсус техника ва автотранспорт воситалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи “Энергомахсусавто” МЧЖ, электр тармоқларини қуришга ихтисослашган “Магистралтармоққурилиш” филиали ва “Gridcon” МЧЖ ҳамда 5 та ижтимоий соҳа объекти фаолият юритиб келмоқда.
Маълумот берилганидек, жамият қарамоғида 85 та подстанция ва 11 414,2 километрдан ортиқ 220-500 киловаттли магистрал ҳаво электр узатиш линиялари мавжуд. Шунингдек, тизимда марказий бошқарув аппарати ва таркибидаги тузилма ҳамда филиалларда 4 минг 700 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилади.
Тадбирда 2021/2022 йиллар куз-қиш мавсумида магистрал электр тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган ишлар ҳам сарҳисоб қилинди. Жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, 7 та куч трансформатори, 59 та 110-500 киловаттли ўчиргич, 15 та компрессор қурилмаси ва 849,5 километр узунликдаги 110-500 киловатт ҳаво линияларида мукаммал таъмирлаш ишлари якунланган. Мазкур таъмирлаш ишларига 11,9 миллиард сўм маблағ сарфланган.
– Шу билан бирга, жорий таъмирлаш режасига асосан подстанциялардаги 214 дона куч трансформатори, 1062 дона ўчиргич, 31 дона ҳаво компрессори ҳамда 3 719,7 километр узунликдаги ҳаво электр тармоқларида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича белгилаб олинган чора-тадбирларни 1 октябрга қадар тўлиқ якунлаш режалаштирилган. Республиканинг иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бизнес субъектлари ҳамда аҳолининг электр энергиясига ортиб бораётган талабини тўлиқ қоплаш мақсадида жорий йил бошидан модернизация дастури асосида 9 та подстанцияда қўшимча жами 906 МВА қувват ишга туширилди. Қорақалпоғистон Республикасида 125 МВАли “Беруний” подстанцияси, Бухоро вилоятида 63 МВАли “Қуйимозор” подстанцияси (2 дона), Фарғона вилоятида 50 МВАли “Ўзгариш” подстанцияси шулар жумласидандир. Йил якунига қадар эса 8 та подстанция яна қўшимча 725 МВА қувватга оширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, магистрал электр тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш дастурига асосан маънан ва жисмонан эскирган 40 дона 110-500 киловатт кучланишли ўчиргич замонавий ўчиргичларга, 221 дона ток трансформатори, 16 дона ажратгич ва 6-500 киловатт кучланишдаги 249 дона ўта кучланишни чекловчи қурилмалар алмаштирилди, – деди «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Д. Исақулов.
Фавқулодда ҳолат учун яратилган авариявий захирага кўра, 156 тонна трансформатор мойи, 0,7 тонна техник пластиналар, 1 тонна селикогель, 15 тонна турли русумли симлар, 9,8 километр кабель маҳсулотлари, 74 дона металл таянч, 26 дона темир-бетон таянч, 17 дона турли қувватдаги захира куч трансформатор шай қилинган.
Шунингдек, тадбирда “Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг «Ҳудудий электр тармоқлари", «Иссиқлик электр станциялари» ва «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятлари ўртасидаги ҳамкорлик, Миллий диспетчерлик маркази талаблари, унинг Марказий Осиё ягона энергетика тизимини меъёрий сақлаб туришдаги аҳамияти ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА