Бухоро вилоятида Хитойнинг етакчи компанияси билан келишув асосида янги лойиҳа бўйича “Вобкент-110/35/10” подстанциясининг қувватини ошириш учун 2 дона 40 минг киловатт соат кучланишли электр трансформаторлари олиб келинди.
–Бухородаги тўртта йирик қувватга эга подстанцияларда замонавий трансформаторларни ўрнатдик, – дейди хитойлик муҳандис Лиу Ванг. – Бу янги техникалар энергияни бир неча баробарга тежайди ва олдингисига нисбатан хавфсиз ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, умумий қиймати 19 миллиард сўмдан ортиқ бўлган бу юқори кучланишли электр трансформаторларининг ишга туширилиши Вобкент тумани ҳамда унга ёндош ҳудудлардаги 30 мингга яқин истеъмолчининг электр энергияси таъминотини янада яхшилаш имконини беради. Янгисига алмаштирилаётган аксарият ускуналар бундан 60-70 йил муқаддам ўрнатилган ва улар бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди.
“Бухоро ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамиятидан олинган маълумотга кўра, вилоят аҳолиси ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарини барқарор ва мустаҳкам электр энергияси билан таъминлаш, шунингдек, қўшимча захира қувватларини яратиш мақсадида худди шундай лойиҳа яна 3 та юқори қувватли подстанцияларда амалга оширилади.
– Бу трансформатор 1968 йилда ишга туширилган, – дейди Вобкент тумани электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Жасур Тўраев. –Ҳозирги замонавий трансформаторларнинг афзаллиги жуда ҳам катта. Куз-қиш мавсумида барқарор электр энергияни етказиб беради. 30 минг нафардан ортиқ халққа бевосита узлуксиз сифатли электр энергияни етказиб беришда ёрдам беради. Яна қўшимча захира манбалари яратилади. Бу подстанциядан бевосита Ғиждувон, Шофиркон туманлари аҳолисининг бир қисми электр энергия билан таъминланади.
Ҳозирга қадар вилоятга 5 дона 40 минг киловатт соатга тенг, 2 дона 63 минг киловатт соатга тенг кучланишли электр трансформаторлари олиб келинди. Қувватнинг 2 баробарга оширилишини инобатга оладиган бўлсак куз-қиш мавсумида аҳолини узлуксиз электр таъминоти билан таъминлаш имконияти янада кенгаяди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири