Шу кунларда республикамиз бюджет ташкилотларини 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсуми учун маҳаллий кўмир билан таъминлаш тадбирлари жадал олиб борилмоқда.
“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Неъмат Душаев бу борада амалга оширилаётган ишларни Сурхондарё вилояти мисолида гапириб берди.
– “Ўзбеккўмир“ акциядорлик жамияти ва ”Кўмир таъминот“ МЧЖ жамоаси учун республикамиз бюджет ташкилотларини 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсуми учун маҳаллий кўмир билан таъминлашда айни кунлар масъулиятли давр ҳисобланади, –деди Н. Душаев. – Мавсумга тайёргарлик ишларининг қандай ташкил этилаётганини кенг оммага етказиш мақсадида бугун Сурхондарё вилояти Матбуот уйида ”Ўзбеккўмир” АЖ томонидан ОАВ вакиллари учун анжуман ташкил этилди.
Матбуот анжуманида “Кўмир таъминот” МЧЖ Сурхондарё вилояти филиали раҳбари Хумоюддин Пўлатов ҳудудда истеъмолчиларни кўмир билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Таъкидлаш керакки, ушбу филиал тасарруфида 12 ҳудудий кўмир омбори фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан “Ўзбеккўмир” АЖга қарашли “Ангрен” конидан юборилган 37 минг 360 тонна маҳаллий кўмир қабул қилиб олиниб, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маданият ва туризм тизими ҳамда коллежлар бошқармаси тасарруфидаги муассасаларга тарқатилди. Айни пайтда омборларда 368 тонна захира бор.
Вилоятдаги бюджет ташкилотлари билан шартномалар ўз вақтида тузилиб, пул маблағлари кўчириб берилмоқда. Ҳадемай бюджет ташкилотларини маҳаллий кўмир билан таъминлаш ишлари якунланади ва аҳолига кўмир тарқатиш тадбирлари бошланади.
Жорий куз-қиш мавсуми учун вилоят ҳудудидаги бюджет ташкилотларини 38 минг 309 тонна маҳаллий кўмир билан таъминлаш режалаштирилган. Бюджет ташкилотларига берилаётган маҳаллий кўмир “Ангрен” кўмир конига тегишли бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг давлат стандартида бўлиб, маркаси ‒ 2БР, бўлаклар ўлчами 0-300 мм.га тенг. Маҳсулот сифати бўйича эътироз келиб тушмаган.
Анжумандан сўнг Денов ҳудудий кўмир омборига пресс-тур ташкил этилди. Унда иштирокчилар кўмир омбори фаолияти билан яқиндан танишишга муваффақ бўлди.
Асосий мақсадимиз мавсум ишларини кўнгилдагидек ташкил этиб, режа бўйича истеъмолчиларни ўз вақтида маҳаллий кўмир билан таъминлашдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.