Аҳолини арзонлаштирилган маҳаллий кўмир билан таъминлаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда
Айни кунларда республикамизнинг табиий газ етиб бормаган ҳудудлари аҳолисини арзонлаштирилган маҳаллий кўмир билан таъминлаш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Тасдиқланган балансга мувофиқ, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан жорий йилда 6,8 миллион тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган бўлиб, шундан 1 миллион 405 минг тоннаси аҳоли эҳтиёжлари учун ажратилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 210 минг тоннага кўпдир.
Кўмир етказиб бериш ҳажмлари оширилмоқда
Бугунги кунда “Ўзбекккўмир” АЖ томонидан аҳоли истеъмолчилари учун суткасига ўртача 14-15 минг тонна (200 вагон ва ундан юқори) маҳсулот ортиб юборилмоқда. Ушбу маҳсулот “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти орқали республика ҳудудий кўмир омборларига темир йўл транспорти воситасида етказилиб, аҳолига тарқатилмоқда.
Қайд этиш керакки, аҳолига мўлжалланган кўмир маҳсулоти 2БЗР маркали бўлиб, сифати ва арзонлаштирилган нархи билан ажралиб туради. Бу борада жойларда миннатдорлик хабарлари келиб турибди.
Танқидий хабарларга муносабат
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда кўмир тарқатиш билан боғлиқ турли танқидий хабарлар ҳам эълон қилинмоқда. “Ўзбеккўмир” жамияти бу каби хабарларни таъминотдаги камчиликларни аниқлаш ва бартараф этишда фойдали деб билади. Бироқ айрим маълумотлар фактларга асосланмагани, маҳаллий кўмир маҳсулотининг ўзига хос хусусиятлари ёки тақсимот механизми тўлиқ англанмагани ҳам кузатилмоқда.
Жумладан, куни кеча Самарқанд вилояти Нарпай туманида харидорлар омбор ичкарисига киритилмаётгани ва одамлар навбат кутиб тургани акс эттирилган видеолавҳа тарқалди. Табиийки, хавфсизлик нуқтаи назаридан омборга ҳамма ҳам бирваракайига киритилавермайди. Қолаверса, маҳаллий кўмирга талаб юқори бўлгани учун маҳсулотни электрон платформада рўйхатдан ўтган харидор ҳафтанинг белгиланган кунида олиб кетиши талаб этилади. Бўлмаса, тартиб бузилади.
Самарқанд вилоятида таъминот фаолияти
“Кўмир таъминот” МЧЖ Самарқанд вилояти филиали томонидан жорий куз–қиш мавсуми учун аҳолига 166,6 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб бериш режалаштирилган.
Бугунги кунда филиал тасарруфида 8 та омбор ва 4 та савдо шаҳобчаси фаолият кўрсатмоқда. Филиал масъул ходими Ихтиёр Қаршиевнинг маълумотларига кўра, омборлар иш вақти узайтирилган режимда ишлаяпти.
Натижада, ноябрь ойида етказиб берилиши режалаштирилган кўмир маҳсулоти ҳам октябрь ойида қабул қилинди ва кунига 3,5–4 минг тоннадан кўмир тарқатилди. Суҳбатдошнинг таъкидлашича, сўнгги беш йилда бу қадар ҳажм вилоятда кузатилмаган.
5 ноябрь ҳолатига мавжуд омборларда 14 минг тонна заҳира бор. Омбор ходимлари аҳолини имкон қадар вақтлироқ таъминлаш мақсадида иш вақтини кечки соат 10–12 гача узайтириб, ҳатто дам олиш кунлари ҳам фаолият юритмоқда. Юкловчи ва ташувчи техника етарли. Савдо шаҳобчаларига кўмир етказиш учун айрим автосамосваллар ҳам ижарага олинган.
Таъминот тартиби ва назорат
Кўмир тарқатиш жараёнлари Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 сентябрдаги 551-сонли қарори билан тасдиқланган “Республика аҳолисини кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш тўғрисидаги низом” талаблари асосида амалга оширилмоқда.
Ҳудудий омборларда маҳсулот тақсимоти Mycoal.uz электрон платформасидаги рўйхат ва маҳаллий ҳокимликлар тасдиқлаган маҳалла кесимидаги жадвал асосида амалга оширилади.
Ихтиёр Қаршиевнинг сўзларига кўра, ушбу тажриба сўнгги йилларда ўзини оқлаган — аҳоли маҳалла идоралари орқали кўмир омборига қачон келиб, маҳсулотни харид қилишини билиб, шунга қараб ҳаракат қилади. Аммо баъзи фуқароларнинг режа–жадвалга амал қилмагани оқибатида навбатлар ҳосил бўлиши мумкин.
Кўмир етарли, тартибга амал қилиш муҳим
Тасдиқланган режага кўра, “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан аҳоли истеъмолчилари учун кунига 13,8 минг тонна маҳаллий кўмир ортиб юборилиши керак. Амалда эса бу кўрсаткич 14–15 минг тоннадан ошириб юажарилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, кўмир етарли. Фақат уни харид қилишда амалдаги тартиб–қоидаларга амал қилинса, барча истеъмолчилар ёқилғи билан етарли даражада таъминланади.
Неъмат Душаев,
“Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот хизмати раҳбари
ЎзА