
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги очиқлиги туризм, маданият, кино соҳаларида ҳам самара бера бошлади.
Фарғона вилоят ва Қўқон шаҳар ҳокимликларида Кувайтнинг “Ebla international” компанияси раҳбари Хилал Aрнаут бошчилигидаги делегация қабул қилинди. Унда “Мамлуклар тарихи”га оид 30 қисмли кинофильмнинг айрим қисмларини Қўқон шаҳрида тасвирга олиш масаласи муҳокама мавзуси бўлди.


Учрашувда, айниқса, Қўқоннинг туризм салоҳиятини жаҳон бўйлаб танитиш, шаҳарнинг тарихий ва маданий бойликларини кўрсатиш борасидаги имкониятлар ҳам кўриб чиқилди. “Мамлуклар тарихи” кинофильмининг бу ерда тасвирга олинадиган бир қисми Қўқоннинг гўзал архитектураси, қадимий обидалари ва маданий меросини дунё жамоатчилигига танитиш учун ажойиб платформа бўлиши кутилмоқда.


– Кинофильмнинг Қўқон шаҳрида тасвирга олиниши шаҳарнинг глобал туризм харитасидаги ўрнини мустаҳкамлашга ҳам ёрдам беради, – деди вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов.
– Биз Фарғона вилояти ҳудудидаги табиат, тоғ ва дарёлар тарихий обидаларига уйғун бўлиб, Мамлуклар даврига оид манзарани қайта тиклашга қулайлигини кузатдик. Бундан ташқари, экранда жозибадор сиймо ярата оладиган маҳаллий актёрларни ҳам жалб этамиз, – дейди Хилал Арнаут.


“Мамлуклар тарихи” фильми шу йилнинг ёзида тасвирга тушира бошланади.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(сурат), ЎзА