Кутубхоначилар “бибтехника”дан қандай фойдаланади?
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактаблари кутубхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида шу кунларда ҳудудларга “бибтехника” жамланмалари етказиб берилмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилоятига 1481 та шундай жамланма етиб келди.


– Жамланмадан инвентар китоби, кундалик дафтар, алифболи карточка, қайтарув варақаси сингари кутубхоналар учун зарур воситалар ўрин олган, – дейди Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси шуъба раҳабари Жамшид Хушвақтов. – Шу пайтгача кутубхоначиларимиз бундай воситаларни ўзлари ясаб ёки таълим муассасалари имкониятидан келиб чиқиб, тайёрлаб олишарди. Энди эса республикамиз бўйича барча таълим муассасаларида кутубхоналар ишини ташкил этиш ва юритишда бир хил талаб ва стандарт йўлга қўйилмоқда. Бу албатти кутубхоналар иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Бугун Самарқанд вилоят болалар кутубхонасида мактаб кутубхоналари фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган кўргазмали семинарда ҳам бибтехникалардан фойдаланиш бўйича кутубхоначиларга зарур тавсиялар берилди.


Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари