Кураш: Осиё чемпионатида азалий қадриятлар тантанаси
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида кураш бўйича катталар ўртасидаги XV Осиё чемпионати ҳар жиҳатдан муваффақиятли ўтди
Азалий қадриятимиз курашнинг халқаро ривожида муҳим аҳамият касб этган мазкур чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Тожикистон Республикаси Ёшлар ва спорт қўмитаси раиси Муҳаммадтолиб Шокирзода, Осиё кураш конфедерацияси президенти Комил Рўзиев, Душанбе шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Шарифи, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ва бошқалар кураш Осиё халқларининг азалий қадриятларини, бобомерос анъаналарини, олижаноблик хислатларини ўзида мужассам этиб, дунё спорт турлари орасида ўз ўрнига эга бўлиб бораётганини, ёзги Осиё ўйинлари олдидан қитъа чемпионатининг Тожикистон заминида ташкил этилгани ифтихорли ҳолат эканини таъкидлади.

XV Осиё чемпионати Тожикистоннинг «Варзиш ТВ» телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди, шунингдек, мусобақа жараёнлари Ўзбекистон, Россия, Туркманистон, Қирғизистон ва Корея Республикасининг марказий телеканаллари ҳамда ахборот платформалари орқали кенг жамоатчиликка тўлақонли етказилди.

Муросасиз кечган чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси умумий ҳисобда 10 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Тожикистон терма жамоаси иккинчи ва Корея вакиллари кучли учликни банд этди.
Маҳоратли курашчиларимиз Мафтуна Холматова, Ҳилола Ортиқбоева, Ибодатхон Агажонова, Машҳура Ғаниева, Самандар Садинов, Жамшид Маматраҳимов, Шоҳруххон Бахтиёровларнинг олтин медалга эга чиқиши ортидан қитъа биринчилигида Ўзбекистон мадҳияси янграб, байроғимиз юксалди.
Т. Рўзиев,
ЎзА