Кураш: жаҳон чемпионатида қадриятларимиз улуғланди
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида кураш бўйича катталар ўртасида ўтказилган XV жаҳон чемпионати ва унинг доирасидаги тадбирлар ўзбекона сўзларни халқаро майдонда улуғлаб келаётган курашнинг дунё бўйлаб кенг оммалашишида муҳим аҳамият касб этди.
Чемпионат давомида Остона шаҳрида кураш ҳакамлари учун икки кунлик семинар машғулотлари ташкил этилди. Халқаро кураш ассоциацияси конгресси давомидаги йиғилиш ва брифингларда курашнинг техник-тактик тамойилларини янада мустаҳкамлаш, унинг профессионаллигини ошириш борасида муҳим қарорлар қабул қилинди. Илғор ташаббуслар илгари сурилди.
Икки кунлик жаҳон чемпионати беллашувларида 70 га яқин давлатнинг энг кучли курашчилари турли вазн тоифасидаги баҳсларда совринли ўринларга даъвогарлик қилди.
Чемпионат якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 9 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза, жами 13 та медалга эгалик қилган ҳолда умумжамоада 1-ўринни эгаллади. Ўз навбатида, Қозоғистон терма жамоаси 2-ўринни, Тожикистон курашчилари 3-ўринни банд этди.
Юртимиз курашчи ёшларидан Акбар Ўролов, Аҳрор Зиёдуллаев, Жаҳонгир Маматраҳимов, Бекмурод Олтибоев, Мафтуна Холматова, Ҳилола Ортиқбоева, Ибодатхон Агожонова, Озода Медетбаева, Покизахон Камолдинова олтин, Баҳромбек Атоев, Шерали Жўраев, Чарос Абдуллаева кумуш, Қувончбек Садинов бронза медалларини қўлга киритди.
Жаҳон чемпионатида муваффақиятга эришган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бугун, 9 ноябрь куни Тошкентга қайтиб келади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА