Куни кеча Тошкент вилояти ҳудудларида вақти-вақти билан кучли ёмғир ёғиши кузатилди.
Хусусан, соат 18:00 дан бошлаб Пискент тумани ҳудудида кучли ёмғир ёғиши натижасида, экин майдонларидаги оқова ва ёмғир сувлари тўпланиб, ички ариқ, зовурлардан туманнинг “Чимқўрғон”, Ҳаким полвон, “Сути” маҳаллаларининг 50 тага яқин аҳоли томорқа ер майдонларига сув кириши кузатилган.
Шунингдек, Бўка туманида ҳам кучли ёмғир ёғиши кузатилди, натижада соат 21:30 ларда Бўка тумани “Тошлоқ”, “Янгиҳаёт”, “Ўзбек”, “Яхшибойтепа” маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтувчи “Қашқадарё”, “Хўжақўрғон” каналлари ўзанида сув кўпайиб, шох-шабба ва чиқиндилар тўпланиб қолган. Шу туфайли сув тошиши содир бўлган ва тахминан 50 тага яқин аҳоли хонадонлари томорқа ер майдонларига сув кирган.
Содир бўлган сув тошқини ҳодисаларини бартараф этишга вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Пискент ва Бўка туманлари Фавқулодда вазиятларда Давлат қуйи тизимига кирувчи корхона-ташкилотларининг куч ва воситалари, ишчи-хизматчилар жалб этиляпти.
Табиий офат натижасида фуқароларнинг тан жароҳати олиши, уй ҳайвонлари нобуд бўлиши, биноларнинг қулаши ҳолатлари содир бўлмаган.
А.Мусаев, ЎзА