Корея Республикаси пойтахти минтақасида кучли ёғингарчилик туфайли аҳоли масканлари, автомобил йўлларининг катта қисмини сув босди. Натижада Сеулнинг йирик йўлларида ҳаракат тартибсизлиги юзага келди. Бундан аввал мамлакатнинг жанубий вилоятлари ёмғир сабаб жиддий зиён кўрган эди.
“AзерТAЖ” хабарида Корея метеорология бошқармаси фуқароларга фавқулодда огоҳлантириш юборгани айтилган. Одатда бир соат ичида 50 мм ёки уч соатда 90 мм ёмғир ёққанда огоҳлантириш берилади. Ноқулай табиий ҳодиса шимолий ҳудудларга ҳам таъсир кўрсатган. Фавқулодда хизматлар аллақачон 200 дан ортиқ зарар ҳақида маълумот берган.
Сеул ва Кёнги музофотида бугун ҳам кучли бўрондан огоҳлик эълон қилинди. Эрталаб соат 9:00 даги маълумотга кўра, пойтахтнинг 29 ҳудудида транспорт ҳаракати чекланган.
Метеорология департаменти келгуси бир неча соат ичида пойтахт минтақаси ва шарқий Гангвон провинциясида бир неча марта жиддий зарар келтириши эҳтимоли мавжуд кучли ёмғир ёғиши кутилаётганидан огоҳлантирган. Синоптиклар қайд этишича, бу йил Жанубий Кореяда, айниқса, кучли ёғин мавсуми одатдагидан бироз эрта – тахминан июль ойи охирида тугайди. Шундан сўнг ярим оролда жазирама тўлқини кузатилиши айтилмоқда.