Республикамизнинг бир қатор ҳудудларидаги каби жорий йилнинг 3 ва 4 январь кунлари Жиззах вилоятида ҳам кучли шамол кузатилди. Бунинг оқибатида кеча 3 январь тунги соат 20:41 да юқори кучланишли “Жиззах” подстанциясидан чиқувчи 4 та электр узатиш тармоғи фавқулодда ўчган. Натижада Жиззах шаҳри, Зарбдор, Зомин, Янгиобод, Пахтакор, Aрнасой, Дўстлик ва Мирзачўл туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилиш кузатилган.
Махсус бригада мутахассислари ушбу носозликни 57 дақиқа давомида, яъни тунги соат 21:38 да бартараф этиб, юқоридаги ҳудудларнинг электр таъминоти қайта тикланишини таъминлади.
Вилоят ҳудудидаги паст кучланишли тармоқларда юзага келган носозликларни бартараф этиш ишлари бугун 4 январь куни ҳам давом эттирилмоқда. Ушбу носозликларни бартараф этиш ишлари маҳаллий ҳокимликлар томонидан назоратга олинган.
Куни кеча республикамизнинг Навоий, Жиззах ва Aндижон вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабар берилган ва бунга ушбу ҳудудларда кузатилган кучли шамол сабаб қилиб кўрсатилган эди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА