Жиззах вилояти хабарлари — қисқа сатрларда
Жиззах вилоятида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ёш аскарларни касбга йўналтириш ва экологик муҳитни яхшилаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Ҳудудлардаги ташаббуслар инсон манфаатлари ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган.
Жиззах шаҳридаги “Раваллиқ” маҳалла фуқаролар йиғинида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш ишлари давом этмоқда.
Хусусан, реестрда турувчи кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд фуқаролар хонадонларига борилди. Уларга бир марталик пул маблағлари ёрдами кўрсатилди. Бу орқали аҳолининг ижтимоий муаммоларини ўрганиш ва манзилли кўмак бериш кўзланган.


Шунингдек, фуқаролар мавжуд имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида хабардор қилинди.
***
Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган профилактик ишлар олиб борилмоқда.


Бошқарманинг Шахсий хавфсизлик бўлимининг катта офицери, подполковник М. Отабеков Фориш, Бахмал ва Ғаллаорол туманларида шахсий таркиб билан учрашувлар ўтказди. Унда коррупция, тамагирлик, фирибгарлик ва радикализмнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Ходимларга хизмат интизоми, кийиниш маданияти ва касбий этика талабларига амал қилиш тушунтирилди.
Шунингдек, онлайн қимор ўйинларига аралашмаслик ҳамда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда қонунчилик талабларига риоя этиш зарурлиги таъкидланди.
***
“Бир аскар — бир касб” тамойили асосида Жиззах воҳасидаги ҳарбий қисимларнинг 100 нафар муддатли ҳарбий хизматчиси касб-ҳунарга ўқитилди.

Бу жараён муддатли ҳарбий хизматчиларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси доирасида ташкил этилди. Пахтакор туманидаги 1-сонли техникум билан ҳамкорликда амалга оширилган ўқувлар олти ой давом этди.

Ҳарбий хизматчилар электромонтёр, сантехник, компьютер техникаси монтажчиси ва автомобиль двигателларига хизмат кўрсатиш йўналишларини ўзлаштирди.

Яна бир қувонарли жиҳат, аскарлардан 10 нафари олий таълим муассасаларига кириш тест синовларидан муваффақиятли ўтди. Улар талабалик сафига қўшилишди.
***
Жиззах вилояти божхона бошқармасида “Яшил келажак сари қадам” ташаббуси доирасида экологик тадбир ўтказилди. Унда бошқарма раҳбарияти ва ходимлари фаол иштирок этди.

Идора ҳудудига мевали кўчатлар экилиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ташаббус орқали “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини қўллаб-қувватлашга ҳам ҳисса қўшилди.

Бу каби ишлар атроф-муҳитни асраш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга хизмат қилади.
***
Зомин туманида талаба ёшлар иштирокида ёнғин ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбир ўтказилди. Унда ФВВ масъул ходими ва Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари иштирок этди.

Учрашувда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш масалалари тушунтирилди. Айниқса, ис газидан заҳарланиш, ёнғин ва газ-ҳаво аралашмаси чақнаши хавфларига алоҳида эътибор қаратилди. Иситиш мосламаларидан тўғри фойдаланиш, газ жиҳозларининг созлигини назорат қилиш зарурлиги таъкидланди. Мўрилар ва шамоллатиш тизимларини мунтазам текшириш бўйича тавсиялар берилди.

Мутахассислар белгиланган ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий амал қилиш инсон ҳаётини асрашда муҳимлигини эслатди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА