Марказий банк тижорат банкларининг кредит шартномаларида тўловлар кечиктирилганда қўлланилаётган жарима ва санкциялар бўйича таҳлил ўтказди. Ўрганишлар натижасида айрим амалиётлар адолат ва мутаносиблик тамойилларига зид экани аниқланди.
Хусусан, айрим банкларда кечиктирилган тўловлар учун ҳисобланадиган фоиз ставкалари шартномада белгиланган йиллик ставкадан бир неча баробарга ошиб, айрим ҳолатларда йиллик 150-180 фоизгача етгани, кредит бўйича фоиз тўловлари кечиктирилганда энг юқори чегараси белгиланмаган кунлик пеня қўлланилаётгани, кредиторнинг ҳақиқий харажатлари билан боғлиқ бўлмаган қўшимча бир марталик жарималар ундирилаётгани маълум бўлди.
Шу муносабат билан Марказий банк кечиктирилган мажбуриятлар учун қўлланиладиган санкциялар компенсацион характерга эга бўлиши кераклигини, қарз олувчилар учун тўловни кечиктириш билан боғлиқ молиявий оқибатлар аниқ ва олдиндан тушунарли бўлишини, кредит шартномаларида жавобгарлик чораларини адолат ва мутаносиблик тамойиллари асосида белгилаш зарурлигини таъкидлади.
Маълумот учун, аввалроқ Рақобат қўмитаси ва Марказий банк ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, у асоссиз нарх ошиши ва монопол мавқе суиистеъмол қилинишига қарши курашиш ҳамда нарх шаклланиши жараёнларининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА