Сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонунчилик базасини шакллантириш ва давлат ташкилотларида коррупциянинг олдини олиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари яратилди.
Хўш, коррупциянинг асосини ташкил қилувчи омиллар нималардан иборат? Бу иллатнинг олдини олиш бўйича қандай ҳаракатлар амалга оширилмоқда?
Бу борада Тошкент шаҳар ҳокимлиги Коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тадқиқотчиси Шуҳрат Турдиқулов қуйидагиларни маълум қилди.
–Коррупциянинг асосини ташкил қилувчи омиллардан бири бу манфаатлар тўқнашуви муаммосидир. Сабаби, манфаатлар тўқнашуви коррупциянинг ривожланишига доимий равишда ўзининг ҳиссасини қўшиб боради.
Давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ишловчи барча даражадаги мансабдор шахслар ўртасида манфаатлар тўқнашуви келиб чиқиши мумкин. Шу сабабли, давлат ҳокимияти тизимидаги манфаатлар тўқнашувини ижобий ҳал қилиш ҳозирги даврда коррупцияга қарши курашнинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб турибди.
Ушбу вазифани ҳал қилиш мақсадида жорий йил узоқ кутилган Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонунда манфаатлар тўқнашувига қуйидагича таъриф берилган: “Манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият”. Ушбу қонунга асосан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига асосан ишлаб чиқилган Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги Низом потенциал манфаатлар тўқнашувига, жумладан, ходимнинг, унинг яқин қариндошларининг ва ташкилот билан боғлиқ бўлган шахснинг шахсий манфаатлари муайян вазиятлар юзага келганда, улар ташкилотнинг манфаатларига қарама-қарши бўлиши ва ташкилот ходимлари томонидан хизмат мажбуриятларини бажаришига таъсир қилиши мумкин бўлган вазият назарда тутилади.
Шунингдек, ҳақиқий манфаатлар тўқнашувига ходимнинг, унинг яқин қариндошларининг ва ташкилот билан боғлиқ бўлган шахснинг шахсий манфаатлари ташкилот манфаатларига бевосита ёки билвосита қарама-қарши бўлган вазият бўлинади.
Қонуннинг қабул қилингани нафақат давлат фуқаролик хизматчиларининг ўз хизмат вазифаларини самарали бажаришларига шарт-шароит яратишга, балки хизматда юзага келиши мумкин бўлган суиистеъмолликларни бартараф этиш, давлат ташкилотларига нисбатан аҳолининг ишончи ошишига хизмат қилади ва давлат фуқаролик хизматчиларининг ижтимоий фаоллигини ошириш имконини берди.
Манфаатлар тўқнашувига қарши курашнинг муҳим жиҳати жамоатчилик назорати механизмини яратиш ҳисобланади. Фуқароларни мансабдор шахслар ва ташкилотларнинг хатти-ҳаракатлари устидан назоратни амалга оширишга жалб этиш давлат фуқаролик хизматчиларининг масъулиятини сезиларли даражада оширади. Жамоатчилик назорати ва шаффофликдан фойдаланиш, ушбу йўналишда давлат идораларининг заиф томонларини аниқлашга ёрдам беради, бу эса тизимни доимий равишда такомиллаштиришга олиб келади.
Ушбу механизмларни муваффақиятли амалга ошириш учун давлат органлари ва фуқаролик жамияти ўртасидаги самарали ҳамкорликни таъминлаш зарур. Жамоатчилик билан мунтазам маслаҳатлашувлар нафақат манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ энг долзарб муаммоларни аниқлаш, балки уларни бартараф этиш бўйича биргаликдаги ечимларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Қарор қабул қилишнинг ҳар бир босқичида шаффофликни таъминлаш учун блокчейн каби технологияларни жорий этиш ҳам муҳимдир. Бундай тизимлардан фойдаланиш мансабдор шахсларнинг барча хатти-ҳаракатларини кузатишга ёрдам беради, бу эса қонунбузарликларнинг олдини олади ва яширин коррупция ҳаракатларини қийинлаштиради ҳамда мансабдор шахсларнинг жавобгарлик масъулиятини оширади.
Манфаатлар тўқнашувини самарали бошқариш нафақат технология ва назорат механизмларини, балки мансабдор шахслар ва ходимлар ўртасида ахлоқий хулқ-атвор маданиятини яратишни ҳам талаб қилади. Ахлоқий тайёргарлик касбий тайёргарликнинг мажбурий қисми бўлиши керак, бунда манфаатлар тўқнашуви қабул қилиб бўлмайдиган деб қараладиган ва зудлик билан ҳал қилиниши керак бўлган муҳитни яратишга ёрдам беради. Хавфсиз ва ахлоқий муҳитни яратиш нафақат жамоатчилик ишончини оширади, балки бутун жамиятнинг барқарор ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилади.
Манфаатлар тўқнашуви давлат бошқарувидаги жиддий муаммолардан бири бўлиб, унинг олдини олишда ҳам индивидуал чора-тадбирларни, ҳам кенгроқ ислоҳотларни ўз ичига олган тизимли ёндашув талаб қилинади.
Давлат ҳокимияти нафақат мансабдор шахсларга ғамхўрлик қилиши, балки уларга нисбатан кўпроқ талаблар қўйиши, улар халққа, давлатга муносиб хизмат қилишлари учун уларнинг турмуш тарзини кузатиб бориши, уларга ҳар хил имтиёзлар беришни тўхтатиши лозим.
Қабул қилинаётган қарорлар ҳар доим очиқ ва холис бўлиши, ҳеч қандай диний, касбий, этник ёки оилавий имтиёзларсиз қабул қилиниши керак. Давлат фуқаролик хизматчилари ўзининг давлат олдидаги бурчини холислик, ҳалоллик ва очиқлик тамойиллари асосида бажариши зарур.
Давлат фуқаролик хизматчиси лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, ўз иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўзининг бевосита раҳбарига (ташкилот раҳбари — юқори турувчи раҳбарига) ёки махсус бўлинмага хабар бериши лозимлиги қонунда белгиланган.
Ҳар бир давлат фуқаролик хизматчиси манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олиш ва тартибга солиш бўйича масъул эканини унутмаслиги ҳамда ушбу иллатни бартараф қилишда юқорида келтирилган омилларга эътибор қаратиши зарур.
Гулноза Бобоева, ЎзА