Давлат Кадастр агентлиги ҳамда Кадастрлар палатаси Андижон вилояти бошқармалари томонидан жорий йилнинг олти ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари вакиллари, соҳа мутасаддилари иштирок этди. Унда мамлакатимизда кадастр тизимини ривожлантириш, соҳага оид қонунлар, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Анжуманда Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари, Кадастрлар палатаси вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида ер қонунчилигига оид амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
– Бошқарма, унинг туман, шаҳар бўлимлари мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишлар, ер назорати тадбирлари давомида жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 2 минг 226 та ҳолатда 218,1 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги маълум бўлди, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. – Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан олиб борилган ишлар натижасида 1 минг 762 та ноқонуний ҳолат бартараф этилиб, ер майдонлари асл ҳолига қайтарилди, 334 та ҳолат бўйича суд органларига даво аризалари киритилди, 55 та аниқланган қонунбузилиш ҳолатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди.
[gallery-18424]
Бундан ташқари, жорий йилнинг олти ойи давомида 1 минг 252 та ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий жарималар расмийлаштирилди.
Анжуманда ярим йил мобайнида кадастр бошқармасига барча манбалар орқали 424 та мурожаат келиб тушганлиги, мазкур мурожаатларнинг 279 таси ижобий ҳал этилганлиги, 98 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилганлиги, 4 таси рад этилганлиги, 43 та мурожаат ўрганиш жараёнида эканлиги қайд этилди.
Давлат кадастрлар палатасига кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича 53 минг 229 та мурожаат келиб тушган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мурожаатларнинг 32 минг 688 таси ижобий ҳал этилиб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган, 16 минг 614 та мурожаат тегишли ҳужжатларида камчиликлар борлиги сабабли рўйхатдан ўтказиш рад этилган.
Кўчмас мулк объектига кадастр паспортини тайёрлаш бўйича 46 минг 427 та аризалар келиб тушган. Аризаларнинг 26 минг 346 таси ижобий ҳал этилган, 17 минг 609 таси рад этилган, 1 минг 421 та мурожаат бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда.
Анжуманда жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят бўйича юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун 2 минг 136 бўш ер участкалари аукцион савдоларига чиқарилганлиги айтиб ўтилди.
Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари томонидан соҳада коррупцион ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилган. Жумладан, ўтган олти ой давомида 80 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, тизимда коррупцияга мойиллиги бор 4 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳамда ички тартиб-қоидаларга риоя қилмаган 43 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакилларининг мавзу ҳамда кадастр соҳасига оид қизиқтирган саволларга мутасаддилар батафсил жавоб қайтарди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари