Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда фуқароларни Корея Республикасига ишга жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятининг 2021 йил якунлари ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида тузилган англашув меморандумига асосан малака талаб этилмайдиган Е-9-виза тури орқали фуқаролар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига жалб этилади.
Бандликка рухсат бериш тизими, яъни EPS орқали вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий тарзда фуқароларни ёллаш учун масъул идоралар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ҳисобланади. Ишчи органлар эса Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати, яъни HRD Korea ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳисобланади.
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикасининг Конвандо, Мужу, Инже, Кёсан ҳамда Хонгчон провинциялари ўртасида Е-8 виза билан қишлоқ ҳўжалиги соҳасига 5 ойлик ишларга жалб қилиш бўйича тузилган меморандумларга асосан республика ҳудудларидан 420 нафар фуқаро ташкилий тарзда жўнатилган. Бугунги кунда тахминан 50 мингга яқин фуқароларимиз Корея Республикасида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда.
Е-9 ишчи визаси Корея Республикасининг Бандлик ва меҳнат вазирлиги, Е-8 ишчи визаси эса Корея Республикасининг Адлия вазирлиги тасарруфига киради. Ушбу тизимлар мутлақо бир бирига яқин ҳамда боғлиқ эмас.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан имзоланган англашув меморандумларига мувофиқ, Корея томонидан тақдим этилаётган квоталар ҳамда шартномалар сони сўнгги йилларда кескин камайиб бораётганлиги кузатилмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда агентликнинг Корея Республикасидаги ваколатхонаси ушбу масалага ечим топиш мақсадида Корея Республикасининг Квангжу, Чангвон, Кимхе, Пусан каби йирик шаҳарлари, Бандлик ва меҳнат вазирлиги, HRD ташкилотининг ҳудудий бошқармалари, Чет эллик ишчиларни қўллаб-қувватлаш марказлари, иш берувчилар ва соҳага оид мутахассислар билан учрашув ҳамда музокаралар олиб борди.
Маълум бўлишича, бунга коронавирус пандемияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият, меҳнат мигрантларининг карантин қоидалари ва мамлакат қонунларига риоя қилиши кабилар билан бирга, иш жойини ташлаб кетиш, меҳнат шартномаси, виза муддати тугагач ноқонуний қолиб кетиш, иш берувчи билан келиша олмаслик ва низоли ҳолатларнинг тез-тез вужудга келиши, одоб-ахлоқ, муомала маданияти ва санитария-гигиена масалаларига аҳамият бермаслик ва бошқа шу каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда.
Бугун Кореяда Республикасида ноқонуний ишлаётган фуқаролар, келгусида Кореяда меҳнат фаолиятини амалга оширишни режалаштираётган фуқароларнинг кетишларига тўсиқ бўлмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА