Хабарингиз бор, миллий тиббиётимизда трансформация жараёнлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Бунинг учун давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ ажратилиб, замонавий тиббиёт марказлари, шифохоналар барпо этилаётир. Тиббиёт муассасаларида беморлар учун керакли бўлган барча шарт-шароитлар яратилиши билан бирга, сўнги русумдаги тиббий ускуналар билан таъминланмоқда. Шунингдек, халқаро тажриба ўрганилиб, соҳага татбиқ этилмоқда. Кадрлар малакасини ошириш, хорижий ҳамкорлар билан келишувларга эришиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фарҳод Тошпўлатов бошчилигидаги делегациянинг Корея Республикасига қилган сафарини мазкур саъй-ҳаракатларнинг бир қисми бўлди, дейиш мумкин.
Соҳада ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида амалга оширилган сафар тафсилотлари ҳақида ССВ матбуот хизмати батафсил маълумот берди.
Унга кўра, сафар давомида қатор учрашувлар ўтказилиб, Корея билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокама қилинган. Кейинги босқичда бажарилиши лозим бўлган тадбирлар белгилаб олинди. Бундан ташқари, соҳа учун аҳамиятли қатор келишувларга эришилди.
Жумладан, биоинформатика ва сунъий интеллект соҳасидаги етакчи “3BIGS” компанияси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат салмоқли биологик маълумотлар, сунъий интеллект асосида соҳани ривожлантириш ва инновацион дори воситаларни ишлаб чиқишда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича томонларнинг вазифаларини ўз ичига олади.
Қайд этилишича, “3BIGS” компанияси геном, саратон биомаркерлари ва микробиома бўйича катта ҳажмдаги биомаълумотларни таҳлил қилувчи платформаларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади. У кўплаб дунё мамлакатлари томонидан тан олинган бўлиб, сунъий интеллект асосида дори ишлаб чиқиш йўналишида жаҳондаги энг яхши 40 та компания қаторидан ўрин олган.
“3BIGS” билан тузилган меморандум Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатда биоинформатика инфратузилмасини ривожлантириш, микробиома тадқиқотларини йўлга қўйиш ва рақамли соғлиқни сақлашни илгари суриш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Бундан ташқари, “TS Bio” компанияси билан ҳужайра терапияси технологиялари, тиббий инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
“Quantum Bio Co., Ltd.” компанияси билан эса Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ходимлар малакасини ошириш ва консультация хизматлари бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Термиз филиалида тиббий ҳужайралар соҳасини йўлга қўйиш учун “ABC SANG-SA” компанияси билан 5 млн. доллар миқдорида инвестиция киритиш юзасидан ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланди.
Корея Миллий тиббиёт маркази билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишувнинг имзоланишини эса сафарнинг энг муҳим натижаларидан бири бўлди, дейиш мумкин.
Мазкур келишувга мувофиқ, мамлакатимизда тез тиббий ёрдам соҳасида фаолият юритаётган ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш, тез тиббий ёрдам тизимини мониторинг қилиш ва баҳолаш, АКТ асосида тез тиббий ёрдам сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича лойиҳа амалга оширилади.
Лойиҳа икки босқичдан иборат бўлиб, Республика тез тиббий ёрдам маркази негизида амалга оширилади. Биринчи босқич 2025-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICА) томонидан 340 минг АҚШ доллари ажратилиши кўзда тутилган. Иккинчи босқич ишлари 3 йилдан 5 йилгача давом этади. Унда биринчи босқич натижаларига кўра, 1,5-7 миллион АҚШ долларигача маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
Мазкур ҳамкорлик лойиҳалари тиббиётнинг юраги ҳисобланган тез тиббий ёрдам хизматининг янада самарали ишлаши ва аҳолига тезкор сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди. Зеро, юқорида таъкидланганидек, миллий тиббиётимизни трансформация қилишдан кўзланган мақсад ҳам шу.
Моҳигул Қосимова, ЎзА