Жанубий Корея тажрибаси ва инновациялари мамлакатимиз онкология тизимига татбиқ этилади
Бугунги кунда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, айниқса, онкологик касалликларнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш ҳамда халқаро стандартлар асосида самарали даволаш масалаларига давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон онкология хизмати мутахассислари дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш устида тизимли иш олиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг 20-27 июнь кунлари Жанубий Корея Республикасининг Сеул, Гоянг, Осонг ва Вонжу каби йирик шаҳарларида бўлиб ўтаётган халқаро малака ошириш дастури ҳам айнан Ўзбекистоннинг миллий саратон бошқаруви салоҳиятини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Корея Миллий онкология маркази (National Cancer Center, NCC) ҳамда Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) томонидан ташкил этилган ушбу нуфузли дастурда юртимиз тиббиёти вакиллари – Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари муносиб иштирок этмоқда.
Малака ошириш доирасида ўзбекистонлик мутахассислар Корея Миллий онкология маркази президенти, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳан-Кванг Янг бошчилигидаги нуфузли делегация билан расмий учрашув ўтказди. Музокараларда Корея томонидан соҳанинг энг кўзга кўринган олимлари ва экспертлари қатнашди. Учрашув давомида Ўзбекистон ва Корея ўртасида онкология соҳасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш, аҳоли ўртасида саратон скрининги дастурларини такомиллаштириш, Миллий саратон регистрини ривожлантириш ва рақамлаштириш, патомoрфология ва молекуляр диагностикани замонавий босқичга олиб чиқиш ҳамда қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш каби муҳим масалалар батафсил муҳокама қилинди.

Дастур доирасида Ўзбекистон делегацияси марказнинг замонавий илмий ва амалий инфратузилмаси, хусусан, Осиёдаги энг йирик ва тўлиқ марказлаштирилган Биобанк фаолияти билан яқиндан танишди. Миллионлаб биологик намуналарни халқаро стандартлар асосида узоқ муддат сақлаш имкониятига эга бўлган ушбу мажмуа замонавий молекуляр-генетик тадқиқотлар, биомаркерларни аниқлаш ва шахсийлаштирилган тиббиётни ривожлантиришда бош илмий платформа ҳисобланади. Шунингдек, Корея Миллий саратон регистри тизими орқали касалликларни рўйхатга олиш, эпидемиологик мониторинг ва маълумотлар таҳлили асосида соғлиқни сақлаш сиёсатини шакллантириш механизмлари батафсил ўрганилди. Бу тажриба Ўзбекистонда миллий кансер-регистр тизимини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Мутахассислар Корея Озиқ-овқат ва дори воситалари хавфсизлиги агентлиги (KFDA/MFDS) билан ҳамкорликда фаолият юритувчи экспериментал илмий тадқиқот мажмуасида бўлиб, янги дори воситалари ва инновацион даволаш усулларининг хавфсизлиги бўйича клиник тадқиқотларгача бўлган тайёргарлик босқичларини кўздан кечирди.
Мазкур халқаро дастур бачадон бўйни саратони скрининг тизими, HPV (инсон папилломаси вируси) диагностикаси ва лаборатория сифат назорати, эпидемиологик тадқиқотлар методологияси ҳамда тиббиётда сунъий интеллект ва катта маълумотлардан фойдаланиш каби энг долзарб йўналишларни қамраб олган. Жанубий Кореяда олинган ушбу замонавий билим ва бой тажрибалар мамлакатимизда саратон касалликларини барвақт аниқлаш, тизимли назорат қилиш ва онкологик хизмат самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш орқали аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА