Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур доирасида журналистлар шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Исмадиёр Маҳмудов ҳамроҳлигида маҳаллаларда йўлга қўйилаётган микролойиҳалар ва кичик бизнес субъектлари фаолияти билан танишдилар.
Дастлаб Амир Темур маҳалласидаги кичик эркин иқтисодий зонада меҳмонлар миллий қандолатчилик ва тикиш-тикув йўналишида иш бошлаган тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан танишишди.

Шулардан бири маҳаллий ёш тадбиркор Бекзод Раҳмоновдир. У 2024 йил декабрь ойида “Бизнесни ривожлантириш банки”дан 100 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, миллий қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришини йўлга қўйган. Аввалига икки нафар ишчи билан 6–7 турдаги ширинлик тайёрлаган бўлса, бугунги кунда “ЯТТ Раҳмонов Бегзод” бренди остида 35 турдаги маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Унинг қандолатчилик маҳсулотлари нафақат Ширин шаҳрида, балки қўшни Боёвут ва Бекобод туманлари бозорларига ҳам етказиб берилмоқда.

– Иш бор жойда рақобат бўлиши табиий. Бозорда муносиб ўрин эгаллаш учун, аввало, маҳсулот сифати юқори бўлиши зарур. Биз ишлатилаётган хомашёдан то тайёр маҳсулотгача сифатга қатъий эътибор қаратяпмиз. Бу эса ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги бозорларга чиқишга замин яратади, – дейди тадбиркор Бекзод Раҳмонов.
Цехда меҳнат қилаётган ёш аёллардан бири Наргиза Пўлатов эса иш топганидан мамнунлигини билдирди: – Илгари уйда бекорчи эдим. Ҳозир эса ишлаб, оиламга даромад олиб келяпман. Бу ерда меҳнатимиз қадрланяпти, ўргатишади, қўллаб-қувватлашади. Ишимизнинг самарасини кўриб, келажакка ишончим ортяпти, – дейди Наргиза.
Шаҳар ҳокими ўринбосари Исмадиёр Маҳмудов таъкидлаганидек, бугунги кунда Ширин шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда.

– Фақатгина ҳоким ёрдамчилари кўмагида ташкил этилган микролойиҳалар сони 222 тага етди. Уларнинг умумий қиймати 8,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлиб, шундан 5,6 миллиард сўми банк кредитлари, қолгани эса ташаббускорларнинг шахсий маблағлари ҳисобидан қопланди. Энг муҳими, шу орқали 449 нафар фуқаро иш билан таъминланди. 2025 йил якунига қадар жами 280 та микролойиҳа амалга оширилиб, камида 560 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган, – дейди ҳоким ўринбосари.
Пресс-тур давомида маҳаллалар кесимидаги натижалар ҳам тақдим этилди. Жумладан, Нуробод маҳалласида 38 та лойиҳа амалга оширилиб, 76 та янги иш ўрни яратилган. Мирзо Улуғбек маҳалласининг 34 та лойиҳаси доирасида 68 иш ўрни, Фарҳодда 32 та лойиҳа асосида 64 иш ўрни яратилган.
Пресс-тур якунида масъуллар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар ҳамда келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида маълумотлар тағдим этишди.
Ғулом Примов, ЎзА