Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида жорий йилнинг ўтган даврида аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида умумий қиймати 8,5 миллиард сўмлик 222 та микролойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.
Лойиҳалар ҳоким ёрдамчилари ва мутасадди соҳа бўлимлари ҳамкорлигида амалга оширилди. Шулардан 5,6 миллиард сўми тижорат банклари кредитлари, 2,9 миллиард сўми эса ташаббускор тадбиркорларнинг шахсий маблағлари ҳисобидан қопланди. Бунинг натижасида 449 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди. Йил якунига қадар яна 280 та микролойиҳани амалга ошириш ва 560 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 45 та кўпроқдир.

Бу ҳақда Ширин шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Анжуманда шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Исмадиёр Маҳмудов иштирок этиб, журналист ва блогерларга амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Таъкидланишича, маҳаллаларда тадбиркорлик фаоллиги кенгаймоқда. Масалан, Нуробод маҳалласида 38 та лойиҳа амалга оширилиб, 76 та иш ўрни яратилди. Мирзо Улуғбек маҳалласида 34 та лойиҳа орқали 68 та, Фарҳод маҳалласида 32 та лойиҳа асосида 64 та, Амир Темур маҳалласида эса 31 та лойиҳа орқали 62 та иш ўрни яратилди. Шунингдек, Бунёдкор, Дўстлик ва Ватанпарвар маҳаллаларида амалга оширилган ташаббуслар юзлаб фуқароларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Маълумки, бундай лойиҳалар мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Жумладан, “Камбағалликни қисқартириш миллий дастури” ва “2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси” билан уйғун ҳолда олиб борилаётган ишлар маҳаллий даражада ўзининг амалий самарасини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар тавсия этган микробизнес ва кичик тадбиркорлик моделлари Ширин шаҳрида кенг жорий этилмоқда.

Анжуман давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Энг муҳими, амалга оширилаётган ташаббуслар орқали аҳоли даромадлари ортиб, шаҳарда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун мустаҳкам замин яратилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири