Кўп миллатли аҳил оиламиз
Бугунги кунда юртимизда турли миллат ва элатлар вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда, дўст ва иноқ ҳолда яшаб келмоқдалар. Улар ўртасидаги дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланиб, барча миллатларнинг урф-одатлари ва асрий қадриятлари эъзозланмоқда.
Айни пайтда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖда 40 га яқин турли миллат ва элат вакиллари фаолият олиб бормоқда.
Навоий кон-металлургия комбинатининг юраги ҳисобланган 2-сонли гидрометаллургия заводи (ГМЗ) нафақат улкан ишлаб чиқариш қуввати, балки ўзининг бағрикенг ва аҳил жамоаси билан ҳам ажралиб туради. Бу ерда турли миллат вакиллари бир оила фарзандларидек, елкадош бўлиб меҳнат қилиб келмоқда.

Наталья Сим – Маъмурий-хўжалик бўлими (девонхона) катта инспектори:
– Мен учун 2-сонли ГМЗ шунчаки иш жойи эмас, бу менинг иккинчи оилам. 2008 йилдан буён шу заводда фаолият юритаётган бўлсам, ҳар бир тонгда ишга катта хурсандчилик билан келаман. Менинг миллатим корейс бўлса-да, шу ерда туғилиб ўсганман ва ўзимни ҳеч қачон бегона ҳис қилмаганман. Заводимизда ўзбек, корейс, қозоқ, татар, рус ва бошқа кўплаб миллат вакиллари бир ёқадан бош чиқариб ишлайди. Биз нафақат ишда, балки байрамларда ҳам биргамиз. Наврўз бўладими, янги йилми ёки миллий байрамларимиз – барчасини бир дастурхон атрофида, биргаликда нишонлаймиз. Бир-биримизнинг маданиятимиз ва урф-одатларимизни чуқур ҳурмат қиламиз. Бизнинг девонхона заводнинг барча бўғинлари билан боғлиқ бўлгани учун, мен ҳамкасбларимизнинг ўзаро ҳурматини ҳар дақиқада ҳис қиламан. Узоқ йиллар давомида бир жойда ишлашнинг сири эса жамоамиздаги самимийлик ва ҳар бир ходимга бўлган юксак эътибордир.

Руфина Бойко – Кадрлар бўлими бошлиғи:
– Мен татар миллатига мансубман ва фаолиятим давомида кўплаб жамоалар билан ишлаганман. Комбинат тизимида, айниқса, 2-сонли ГМЗда шаклланган дўстлик муҳити таҳсинга лойиқ. Гарчи мазкур заводга 2024 йилда кадрлар бўлими бошлиғи бўлиб келган бўлсам-да, менинг бутун меҳнат фаолиятим – 20 йилдан ортиқ вақтим айнан Марказий кон бошқармаси билан боғлиқ. Шунинг учун бу муҳит менга жуда қадрдон. Кадрлар бўлими раҳбари сифатида шуни ишонч билан айта оламанки, жамоамиз ўзининг мустаҳкам анъаналарига эга. Бу ердаги аҳиллик, ходимларнинг бир-бирини қўллаб-қувватлаши ва профессионал ёндашув ҳар қандай янги ходимни тезда жамоага сингиб кетишига замин яратади. Узоқ йиллик фаолиятим давомида бундай жипслашган жамоани кам учратганман.
А.Бўриев, ЎзА мухбири