Комбинат тузилмалари мавсумга шай
Мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи корхоналаридан бири бўлган “Навоий кон – металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида нафақат ишлаб чиқариш кўрсаткичларини бажариш, балки корхоналар ва ишчи-ходимлар учун хавфсиз ҳамда барқарор меҳнат шароитларини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Айни пайтда комбинатда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, ишлаб чиқариш қувватларининг паст ҳароратларда ҳам узлуксиз ишлаши ҳамда ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик билан таъминлаш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
– Комбинатимизда мавсумга тайёргарлик ишлари эрта баҳордан бошланган бўлиб, бугунги кунда белгиланган барча тадбирлар тўлиқ ва сифатли якунига етказилган, – дейди “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ бош энергетик ўринбосари Икромжон Шукурулаев. – Жумладан, ишлаб чиқариш ва технологик объектлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида, комбинат таркибидаги барча гидрометаллургия заводлари, конлар, майдалаш ва саралаш мажмуалари қиш мавсумига шай ҳолатга келтирилди. Паст ҳароратда технологик жараёнларнинг тўхтаб қолмаслиги учун очиқ конлардаги оғир техникалар, темир йўл транспорти тармоқлари ва конвеер тизимлари махсус совуққа чидамли мойлаш материаллари ҳамда техник воситалар билан таъминланди. Энергия ва иссиқлик таъминоти тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, мавсум давомида энергия йўқотишларининг олдини олиш мақсадида 401 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари, 176 та трансформатор нимстанциялари мукаммал таъмирланди. Комбинат тасарруфидаги иссиқлик марказлари ва 22 та қозонхона тўлиқ кўрикдан ўтказилиб, зарур ёқилғи (кўмир, мазут ва печь ёқилғиси) захиралари яратилди. Захиралар тасдиқланган режага мувофиқ жамғарилган.
Комбинатда ижтимоий соҳа ва ходимлар хавфсизлигини таъминлаш, ишчи-ходимларнинг маиший шароитларини яхшилаш мақсадида барча ишчилар шаҳарчалари (вахта шаҳарчалари), ошхоналар ва ювиниш хоналарининг иссиқлик тизимлари созланди. Шунингдек, кончилар ва металлурглар қишки махсус иш кийимлари ҳамда шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланди.
Махсус техникалар шайлиги ва фавқулодда ҳолатлар назоратини изчил таъминлаш учун қорли ва изғиринли кунларда йўллар хавфсизлигини таъминлаш, кон ички йўлларини тозалаш учун мўлжалланган махсус йўл-қурилиш техникалари шай ҳолатга келтирилди. Зарур миқдорда қум-туз аралашмалари жамғарилди. Ҳар бир бошқарма ва цехларда юзага келиши мумкин бўлган ноқулай об-ҳаво шароитлари оқибатларини тезкор бартараф этиш мақсадида 24 соатлик навбатчилик штаблари ташкил этилди.
Албатта, кўрилган тезкор ва тизимли чора-тадбирлар қишнинг энг аёзли кунларида ҳам ишлаб чиқариш суръатини сусайтирмасликка ва белгиланган режаларни ўз вақтида бажарилишига хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири