Пойтахтимиздаги “Тashkent City” Халқаро ишбилармонлар маркази Конгресс-холлида бўлиб ўтаётган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференцияда бир қатор нуфузли халқаро тузилмалар раҳбарлари, мутасаддилар чиқиш қилмоқда.
Жумладан, БМТ, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг халқаро анжуман воситасида жаҳон сиёсати эътиборини яна бир бор Афғонистонга қаратиш ташаббуси эътирофга сазовор эканини таъкидлади. Кутилганидек, анжуманда ушбу давлатдаги хавфсизлик, ижтимоий-иқтисодий ҳолатга кўмак бериш бўйича мувофиқлаштирилган ёндашув ва тамойиллар ишлаб чиқиш зарурлиги борасида турли фикрлар илгари сурилмоқда.
БМТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори вазифасини бажарувчи Мунир Мамедзаде ўз чиқишида Афғонистонда тинчликни таъминлаш, терроризмга қарши курашиш, инсон ҳуқуқини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Эслатиб ўтамиз, халқаро конференция доирасида қўшни Афғонистонда иқтисодий барқарорликни тиклашга қаратилган гуманитар ва инфратузилмавий лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилади.
Беҳруз Худойбердиев,
Улуғбек Маҳмирзаев,
Носиржон Ҳайдаров, (сурат), ЎзА