Пойтахтимизда бўлиб ўтган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичида иштирок этган Озарбайжон терма жамоаси бош хореографи Комил Гулиев Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлиги матбуот хизмати орқали ўз таассуротларини ЎзА ўқувчилари билан ўртоқлашди.
- Энг аввало, таъкидлаб ўтмоқчи эдим, Тошкентда бўлиб ўтган жаҳон кубогининг навбатдаги босқичи аъло даражада ташкил этилган. Ўзбекистонда иккинчи бор бўлишим. Ажойиб ўлка, Тошкент ҳам, шубҳасиз жуда гўзал шаҳар. Ўтган мавсум - 2021 йил ҳам юртингизга келгандим. Умуман олганда, Ўзбекистонда халқаро мусобақалар жуда юқори савияда ўтади, чунки бунинг учун барча бор. Ташкилотчилик ҳам ҳавас қиладиган даражада. Бу галги мусобақа ҳам зўр ўтяпти. Машғулот ўтказиш учун хоҳлаганингдан ҳам зиёда шарт-шароит муҳайё. Гимнастика гиламлари, жиҳозлар етиб-ортади. Шуғулланиш учун ҳам жуда қулай. Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси ёқимли - машқ қилиш ҳам, мусобақада иштирок этиш ҳам.

Тўғрисини айтсам, Озарбайжон терма жамоаси Тошкентга ёш, иккинчи таркиб билан келди. Ҳамма қизларимиз энди-энди халқаро майдон ҳавосидан нафас ола бошлаган, тажрибасиз спортчилар. Айримлари учун... йўқ, аксарияти учун бу дастлабки жаҳон кубоги мусобақаси. Гуруҳ машқига тайёрлаган жамоамиз, асосан, захира таркиб ва яна икки нафар ёш қиздан иборат эди. Кўзлаган натижаларимизнинг баъзиларига эришдик, қай бирига, йўқ. Энг муҳими, ўзига хос тажриба орттирдик. Кейинги ҳафта жаҳон кубоги босқичи бизда, Боку шаҳрида бўлиб ўтади. Ўз уйимизда асосий таркиб билан қатнашамиз – гуруҳ чиқишида ҳам, яккалик баҳсларида ҳам. Барча спортчиларга омад тилайман.
Мен Ўзбекистон терма жамоасининг гуруҳ машқидаги ижросини томоша қила олмадим, чунки улар биздан кейин дарҳол майдонга чиқишди. Биз ўша пайт ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб қолдик. Яъни, ҳаракатларни таҳлил қилиб, хатоларни аниқлаш, зарур хулоса чиқариш билан банд эдик. Терма жамоангиз янгидан шакллантирилганидан хабарим бор. Кўролмаганимдан жудаям афсусдаман...
ЎзА