Кўҳна ва боқий Бухоро сайёҳларни чорламоқда
Мамлакатимизда сўнгги йилларда туризм соҳасига қаратилаётган эътибор ҳамда ушбу соҳага оид қабул қилинган фармон ва қарорлар ўз самарасини бермоқда. Айниқса, соҳадаги тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар олис ва чекка ҳудудларда туризмни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этаётир.
Президентимиз раислигида жорий йил 26 апрель куни ўтказилган туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида мавжуд имкониятларни ишга солиб, пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш, хизматлар кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган эди. Аввало, туристларни ўзига оҳанрабодай жалб қиладиган йирик лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Кўҳна ва боқий Бухорода ҳам туризмни ривожлантириш, жумладан, хорижий ва маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатишни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг “2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширди.
Мазкур қарорга мувофиқ, вилоятга ташриф буюраётган чет эллик туристлар ва мамлакатимиз сайёҳларига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга кўрсатилаётган сервис хизматлари сифатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тизимли ишлар амалга оширилди. Соҳани изчил ривожлантириш, туризм индустрияси ва инфратузилмасини янада такомиллаштириш мақсадида янги замонавий меҳмонхоналар қад ростлади. Бу борадаги кенг қамровли ишлар сайёҳларга хизмат кўрсатиш даражасини оширди. Янги иш ўринлари яратилди. Маълумотларга кўра 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида Бухоро вилоятида 43 та янги катта-кичик меҳмонхоналар ишга тушган. Натижада уларнинг умумий сони 445 тага етган. Ушбу меҳмонхоналарда 11 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланган.
– Туризм иқтисодиётимизнинг драйвер соҳаларидан бирига айланмоқда, – дейди вилоят Туризм ва маний мерос бошқармаси бўлим бошлиғи Акмал Ражабов. – Вилоятимизга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони йилдан-йилга ошаётир. Сайёҳларни жойлаштириш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида тадбиркорларимиз томонидан замонавий хизмат кўрсатиш иншоотлари бунёд этилмоқда. Режаларимиз катта. Уларни амалга оширишда давлат раҳбарининг кўрсатмалари асосида янада улкан вазифаларни амалга оширамиз. Вилоятда хорижий инвестиция асосида 28 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи 3 та йирик меҳмонхона лойиҳаларининг қурилиш ишлари давом этмоқда. Жорий йил якунига қадар Ҳиндистоннинг “Metric Ventures” МЧЖ ҳамда Буюк Британиянинг “Wide Tent Sistem” компаниялари томонидан амалга оширилаётган беш юлдузли “Hyatt Regency” ҳамда 4 юлдузли “Wyndham” брендлари номи остида меҳмонхоналар ўз фаолиятини бошлайди. 2022 йил II ярим йиллигида туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида меҳмонхона ва жойлаштириш воситалари сонини 450 тага, улардаги ўринлар сонини 12 мингтага етказиш ҳамда сайёҳлар ташриф буюрадиган 10 га яқин янги йўналишларни ташкил этиш кўзда тутилган. Туризм йўналишидаги ресторанлар сонини 100 тага, ички туризм йўналишида вилоятга ташриф буюрувчи маҳаллий сайёҳлар сонини 2,4 миллион нафарга, туризм ва унга йўлдош хизмат кўрсатиш соҳаси, маданият ва кинематография соҳаларида 18 мингтага яқин янги иш ўрни яратилади.
[gallery-8203]
Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 2022-2023 йилларда туризм соҳасида меҳмонхона, мотел, умумий овқатланиш шохобчалари, экотуризм, туристик транспорт воситаларидан иборат умумий лойиҳа қиймати 483,9 миллиард сўмни ташкил этувчи 52 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кунда мазкур лойиҳалардан 9 таси ишга туширилди.
– Бухоро қадимий, бой тарихга эга шаҳар, – дейди туркиялик лойиҳа координатори Фэрҳад Али. –Биз бу ерда эканимиздан жуда хурсандмиз. Бухорога йилига миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради. Давлатингиз раҳбари томонидан туризм соҳасига қаратилаётган эътиборни биз юксак баҳолаймиз. Икки миллат ўртасидаги тарихий анъаналар, давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар туфайли мана бир неча йилдан буён мамлакатингизда истиқболли лойиҳаларни амалга оширдик. Энди эса Бухорода замонавий, дунё талабларига жавоб берадиган меҳмонхона қурмоқдамиз. Меҳмонхона жаҳон андозалари даражасида жиҳозланади. Хусусан, бу ерда ёпиқ турдаги бассейн ва сауна, замонавий ресторан фаолият кўрсатиши режалаштирилган. Хуллас, ташриф буюрадиган сайёҳлар учун юқори даражада хизмат кўрсатилади. Ўйлайманки, ушбу иншоотнинг фойдаланишга топширилиши сайёҳлар оқимининг ошишига ёрдам беради.
Туризм фаолияти субъектларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, ҳудуднинг туристик салоҳиятидан келиб чиқиб аҳолининг бандлиги ва фаровонлигини ошириш мақсадида оилавий меҳмон уйлари ҳам ташкил этилмоқда. Ушбу меҳмон уйларининг аксарияти Бухоронинг тарихий қисмида ташкил этилмоқда. Бу ерда шундай уйлар борки 200, 300 йил тарихга эга. Ташриф буюраётган сайёҳларнинг ушбу меҳмон уйларига қизиқишлари ҳам юқори. 2022 йилнинг ўтган даврида вилоятда 19 та янги оилавий-меҳмон уйлари ташкил этилиши натижасида 188 та янги иш ўрни яратилди.
– Уйимиз эски шаҳар қисмида жойлашган, – дейди тадбиркор Сабина Ашурова. –Уйимизда оилавий меҳмонхона очиш ғояси оиламиздаги барча аъзолардан чиқди. Бу ғоя биргалашиб, қўллаб-қувватланди. Уйимиз 300 йиллик тарихга эга. Ҳовлимиз Амир Олимхон хизматкори, чойхоначининг уйи бўлган. Оилавий меҳмон уйимизни ҳам қадимий, ҳам замонавийлик уйғун ҳолда жиҳозладик. 10 нафар меҳмонга хизмат кўрсатамиз. Ҳозирда Россия, Буюк Британия ва маҳаллий меҳмонларимиз бор.
Таҳлилларга кўра жорий йилнинг ўтган даврида вилоятга ташриф буюрган сайёҳлар сони 1 миллион 824 минг нафардан ошган. Сайёҳлар ташрифидан вилоят иқтисодига 2021 йилда жами 478,9 миллиард сўм тушум тушган бўлса, 2022 йил 1 июл ҳолатида бу кўрсаткич 763 миллиард сўмни ташкил этган. Бухоро вилоятида айни пайтда туризм ва унга йўлдош хизмат кўрсатиш соҳаларида 20 минг нафарга яқин аҳоли муқим иш билан банд.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА