Кўча ва хиёбонлардаги ташқи ёзувлар ҳамда реклама воситаларининг ҳолати ўрганилмоқда
Кўчаларга назар ташланг. Пешлавҳалар, эълонлар, реклама ва турли ахборот ёзувлари кўзга ташланади. Аммо бир савол бор: уларда давлат тилига қонун талаб қилган даражада эътибор борми?
Бу саволни айниқса бугун, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида бериш ўринли. Зеро, давлат тилининг мақоми фақат расмий ҳужжатларда эмас, ҳар куни кўз ўнгимизда турган ёзувларда ҳам намоён бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасида лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши, бошқа тилларда эса таржимаси берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Демак, бу — хоҳиш ёки дид масаласи эмас, қонун талаби.
Амалда эса баъзи пешлавҳаларга қараб, гўё бу талаб бизга тегишли эмасдек таассурот уйғонади. Хорижий тилдаги сўзлар “замонавийлик” белгиси сифатида пешга чиқарилади, ўз тилимиз эса гўё иккинчи даражали ахборотга айлантирилади. Ҳолбуки, замонавийлик — ўз тилидан уялиш эмас, уни замонавий муҳитда муносиб қўллай билишдир.
Айни пайтда Ғаллаорол туманида тадбиркорлик объектлари, кўча ва хиёбонлардаги ташқи ёзувлар ҳамда реклама воситаларининг ҳолати ўрганилмоқда. Бу ишлар шунчаки пешлавҳаларни “чиройлилаштириш” эмас, аввало, қонун ижросини таъминлаш нуқтаи назаридан баҳоланиши керак.

Ахир қонун талабини билмаслик ёки унга бефарқ қараш пешлавҳани оқламайди. Бир ҳарфнинг хатоси, сўзнинг бузиб ёзилиши, давлат тилидаги матннинг чет тилидаги ёзувдан кейин ва майда ҳарфларда берилиши — буларнинг барчаси тилга муносабатимизни кўрсатади. Реклама тили бўйича амалдаги қонунчиликда ҳам давлат тили устуворлиги аниқ белгиланган.
Шунинг учун Ғаллаоролдаги ўрганишларнинг натижаси фақат “камчиликлар аниқланди, тушунтириш берилди” деган ҳисобот билан чекланмаслиги керак. Камчилик нега такрорланяпти? Уни ким назорат қилиши керак? Қонун талаби бажарилмагани учун масъулиятни ким ўз зиммасига олади? Ушбу саволларга ўз вақтида аниқ, мукаммал жавоб берилиши керак.
Тўғри, тадбиркорга тушунтириш, маслаҳат бериш муҳим. Аммо тушунтиришдан кейин ҳам қонун талаби бажарилмаса, уни оддий “камчилик” деб атаб қўя қолиш ҳам тўғри эмас. Чунки давлат тилига бўлган муносабатга вақтида баҳо берилиши лозим.

2026 йил 7 августдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка сўзсиз риоя этиш, унинг ижросини танқидий-таҳлилий ўрганиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш вазифалари белгилаб берилган. Демак, энди гап фақат “эътибор” ҳақида эмас — масъулият ҳақида ҳам кетмоқда.
Кўча — тилнинг ҳам кўзгуси. Ундаги ҳар бир ёзув бизга бир нарсани эслатиб туриши керак: давлат тилининг мақоми қоғозда эмас, ҳаётда кўринади.
Ҳудудда бу борадаги ўрганишлар давом этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири