Давлат тили – миллийлигимиз ойнаси
1989 йил 21 октябрь — ўзбек тилига давлат мақоми берилган улуғ сана. Бу кунни эслаш — фақат тарихни ёд этиш эмас, балки миллатнинг ўзини англаши, келажак олдидаги масъулиятини ҳис этиши демакдир.
Давлат тили — миллатнинг қалби, тафаккури, маънавий таянчи. Уни ҳимоя қилиш, тўғри ва изчил қўллаш ҳар бир фуқаро учун қонун олдидаги бурч, виждон олдидаги масъулиятдир. Тилга бўлган муносабат — миллатга, давлатга бўлган муносабатдир.

Бугунги глобал таҳдидлар ва тиллар ўртасидаги кучли рақобат шароитида давлат тилининг нуфузини сақлаш — фақат маданий вазифа эмас, балки миллий хавфсизлик масаласидир. Ҳар бир беэътибор ёзув, ҳар бир нотўғри ишлатилган сўз — сизнинг тилга бўлган муносабатингиздир.
Ғаллаорол туманида август–сентябрь ойларида амалга оширилган ишлар ана шу маънода муҳим аҳамиятга эга.

Туман ҳокимлиги ва прокуратураси ташаббуси билан ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан “Давлат тили ҳақида” ги ҳамда “Реклама тўғрисида”ги қонунлар ижроси юзасидан кенг кўламли ўрганиш ишлари олиб борилди.
Текширувлар жараёнида юзлаб ёзувлар кўздан кечирилди, ҳар бир ёзув танқидий кўз билан таҳлил қилинди. Уларда аниқланган хато ва камчиликлар тадбиркорлик субъектларига етказилиб, тушунтириш ва тарғибот ишлари амалга оширилди.

Кўплаб ҳолатларда дўкон пештоқларидаги ёзувлар давлат тилида эмас ёки тил меъёрларига зид тарзда ёзилаётгани кузатилди. Айримларида имло хатолари, баъзиларида маънони бузувчи ифодалар, баъзи ҳолларда эса бутунлай бошқа тилдаги атамалар устун бўлган.
Бу ҳолат — фақат тил масаласи эмас, балки маданият, таълим ва жамоатчилик масъулиятига тааллуқли муаммо эканини кўрсатади. Мақсад — жазолаш эмас, тушунтириш, англатиш ва онг уйғотиш. Зеро, тилни ҳурмат қилиш — ўзингни ҳурмат қилиш демакдир.
Бироқ муҳим савол қолмоқда: нега бундай ишлар фақатгина текширув пайтида амалга оширилади? Нега давлат тилига эҳтиром даврий эмас, балки доимий жараёнга айланмайди?
Ҳар бир нотўғри ёзув — бу ҳарф хатоси эмас, бу фуқаролик масъулиятининг пастлигидир. Унинг ортида беэътиборлик, маънавий сусайиш ва миллий онгнинг заифлиги бор. Шунинг учун ҳам тилга эътибор умумий маданият даражасини белгилайди.
Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ўтказилаётган бу жараён — ижобий қадам. Аммо у кенг қамровли, тизимли ва узлуксиз ҳаракатга айланмаса, кутилган самарани бермайди. Давлат тили — бу давлатнинг юзи, халқнинг ифтихори, авлодлар орасидаги маънавий кўприкдир.
Сўз — қудрат, сўз — масъулият, сўз — Ватан. Давлат тили эса — шу сўзларнинг муқаддас тимсолидир. Унга бўлган муносабатимиз — ўзлигимизга, келажагимизга бўлган муносабатимиздир. Ва агар сўзга беэътибор бўлсак, эртага ўзлигимизга ҳам шундай муносабат шаклланади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА