Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 апрелдаги “Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6202-сон фармонига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ҳузурида:
а) қуйидагилар ташкил этилсин:
Ўзбекистон Кинематография академияси олий таълим муассасаси;
“Республика кинофонди” ДУК негизида бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган “Ўзбекистон миллий кинофонди” давлат муассасаси;
“Ўзбекфильм” ДУК негизида хусусий кинокомпанияларга фильм, мультфильм ва сериаллар яратиш бўйича хизмат кўрсатувчи “Ўзбекфильм” киноконцерни” ДУК;
Агентликнинг вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимлари;
б) қуйидагилар тугатилсин:
“Мультипликацион фильмлар студияси” ДУК;
“Республика кинопрокат маркази” ДУК ва унинг ҳудудий филиаллари;
“Кинематографчилар уйи” ДУК;
“Киноиндустрия соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази” ДУК;
в) “Ёшлар ижодий тажриба студияси” ДУК “Ёшлик” киностудияси” ДУК этиб қайта номлансин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлигининг “Қорақалпоқкино” агентлиги ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимларининг намунавий тузилмалари 3-иловага мувофиқ;
“Ўзбекистон миллий кинофонди” давлат муассасасининг тузилмаси 4-иловага мувофиқ;
2021-2022 йилларда миллий кинематография соҳасини ривожлантириш “йўл харитаси” 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Агентлик Бош директорига, зарур ҳолларда, Агентликнинг марказий аппарати, тизим ташкилотлари ҳамда “Қорақалпоқкино” агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимлари тузилмасига ходимларнинг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Вазирлар Маҳкамаси (А.А.Абдухакимов) бир ой муддатда Агентлик марказий аппарати ва унинг тизим ташкилотлари раҳбар ва ходимларини уларнинг билим ва салоҳиятлари бугунги кун талаблари ва эгаллаб турган лавозимларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида аттестациядан ўтказсин ҳамда уларни малакали кадрлар билан тўлдириш чораларини кўрсин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
молиялаштириш манбаидан қатъи назар, маҳаллий кинокомпаниялар томонидан ишлаб чиқарилган фильмлар ва уларнинг бошланғич материаллари, шунингдек, республикада амалга оширилаётган йирик лойиҳалар бўйича тайёрланган видео ва фото материаллар сақлаш учун бир нусхада Ўзбекистон миллий кинофондига топширилади;
мазкур қарорга мувофиқ тугатилаётган унитар корхоналарнинг қолдиқ маблағлари, уларга тегишли бино (иншоот)лар ва моддий-техника базаси Агентлик ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳисобига ўтказилади.
5. Агентлик ва “Danmon group” компанияси (Дания Қироллиги) ўртасида 2020 йил 8 октябрда кино ишлаб чиқариш қурилмалари, технологик тизимлар ва мультимедиа маҳсулотларини харид қилиш бўйича танлов савдолари асосида импорт шартномаси имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Молия вазирлиги уч ой муддатда имзоланган импорт шартномасининг олдиндан 15 фоиз тўловини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланишини таъминласин. Бунда, импорт шартномаси ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари доирасида рўйхатдан ўтказилади.
Импорт шартномасининг қолган 85 фоиз тўловини қоплаш учун “Ўзмиллийбанк” АЖ Австриянинг “Райффайзенбанк” банкидан 5 йил муддатга, шу жумладан, 1 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 0,8 фоиз ставкада жалб қилинадиган кредит линияси ҳисобидан кредит маблағларини ажратсин ва кредит бўйича “Ўзмиллийбанк” АЖнинг маржасини 1 фоиздан оширмаган ҳолда белгиласин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
Австриянинг “Райффайзенбанк” банки кредити бўйича асосий қарзни қоплаш, фоиз, суғурта ва комиссиялар бўйича тўловлар Молия вазирлиги Ғазначилигида очиладиган махсус ҳисоб рақамда тўпланадиган сотиб олинган кино қурилмаларидан фойдаланишдан тушадиган пул маблағлари, етмай қолган қисми эса Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади;
кредитнинг импорт шартномасига асосан сотиб олинаётган кино қурилмалари билан қопланмаган қисми бўйича “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан таъминот сифатида гаров расмийлаштирилмайди;
импорт шартномаси бўйича харид қилинадиган кино қурилмалари, технологик тизимлар ва мультимедиа маҳсулотлари “Ўзбекфильм” киноконцерни” ДУКнинг моддий-техник базасини кучайтириш учун йўналтирилади.
7. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК кино ишлаб чиқариш қурилмалари, технологик тизимлар ва мультимедиа маҳсулотларини сотиб олиш бўйича имзоланган импорт шартномасини бевосита товар ишлаб чиқарувчиларнинг нархлари асосида экспертизадан ўтказилишини таъминласин.
8. Агентлик икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этиш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Бош вазир ўринбосари А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 7 апрель