Кимёгар қизлар олимпиадаси ўтказилди
Ёшлар ўртасида аниқ фанларга қизиқишни ошириш, уларнинг илм-фанга бўлган интилишини рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада турли фан олимпиадаларини ташкил этиш иқтидорли ўқувчи ва талаба ёшларни ўз устида ишлашга ундайди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ, Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети Тошкент филиали ҳамда Илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш халқаро “Зиё Форум” фонди ҳамкорлигида талаба қизлар ҳамда академик А.С.Садиков номидаги мактаб ўқувчилари ўртасида кимё фани бўйича олимпиада ташкил этилди.

Талаба қизлар ўртасидаги олимпиада уч босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда иштирокчиларга онлайн платформа орқали тест синовлари топширилди. Энг яхши натижа кўрсатган 20 нафар иштирокчи кейинги босқичга йўлланма олди. Иккинчи босқичда амалий топшириқлар бажарилди ва 10 нафар энг юқори натижа кўрсатган талаба финал босқичига йўл олди. Финал босқичида иштирокчилар ўз илмий лойиҳаларини тақдим этди.
Олимпиада якунига кўра, 1-ўрин Шаҳзода Ҳакимовага насиб этди ва унга 5 000 000 сўм пул мукофоти ва эсдалик совғалар топширилди. 2-ўринга Юлдуз Тўхтаева муносиб деб топилди ва 3 000 000 сўм мукофот ҳамда эсдалик совғалар топширилди. 3-ўрин соҳиби Зуҳрахон Маҳкамова эса 1 500 000 сўм пул мукофоти ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Академик А.С.Садиков номидаги мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган олимпиаданинг саралаш босқичида эса 150 нафарга яқин ёш билимдонлар тест синовларида ўз кучини синади. Улардан энг муносиб кўрилган 20 нафари финал босқичига йўлланма олди. Финал натижаларига кўра, 7 нафар ғолиб иштирокчи Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети Тошкент филиалига тўғридан-тўғри грант асосида қабул қилиниш имконини берувчи сертификатга эга бўлди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу олимпиада ёшларнинг кимё фанига бўлган қизиқишини янада ошириш, уларни илмий изланишларга илҳомлантириш ва келажакдаги ютуқлари сари йўл очиш учун имконият бўлди.
М.Комилова, ЎзА