Кимлар ҳаво йўллари, темир йўл ҳамда шаҳарлараро йўловчи транспорти хизматларидан чегирма асосида фойдаланиши мумкин?
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ички туризмни янада оммалаштиришга қаратилган муҳим янгилик жорий этилмоқда.
Янги тартиб нафақат транспорт хизматларидан фойдаланишни енгиллаштиради, балки мамлакатнинг тарихий, маданий ва табиий масканларига саёҳат қилиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.
Эндиликда 11 тоифага мансуб фуқаролар ( I ва II гуруҳ уруш ногиронлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, ёлғиз кексалар ва ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда амалдаги қонунчиликка мувофиқ бепул ёки чегирмали транспорт хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шу каби фуқаролар) ҳаво йўллари, темир йўл ҳамда шаҳарлараро йўловчи транспорти хизматларидан бепул ёки 50 фоизлик чегирма асосида фойдаланиши мумкин бўлади.
Янги тизимнинг энг муҳим жиҳати - имтиёзлардан фойдаланиш жараёнининг тўлиқ рақамлаштирилиши. Қоғоз талонлар амалиёти бекор қилиниб, фуқароларнинг имтиёзга эгалиги ID-карта ёки биометрик паспорт орқали “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида автоматик тарзда тасдиқланади. Бу эса ортиқча ҳужжатбозликни бартараф этиш, хизмат кўрсатиш жараёнини тезлаштириш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Ушбу янгилик ички туризмни ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга. Имтиёзли транспорт хизматлари туфайли ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож фуқаролар Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Фарғона водийси каби тарихий шаҳарлар, шунингдек, тоғли ва дам олиш ҳудудларига янада қулай шароитда сафар қилиш имкониятига эга бўлади.
Мутахассисларнинг фикрича, аҳолининг саёҳат қилиш имкониятларини кенгайтириш нафақат фуқароларнинг маданий мерос билан яқиндан танишишига, балки ички туризм бозорининг фаоллашишига, ҳудудлардаги хизмат кўрсатиш соҳаси ривожига ва янги иш ўринлари яратилишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Яна бир муҳим янгилик сифатида, 2027 йилдан бошлаб имтиёзли чипталарни “Барака” ижтимоий картаси мобил иловаси орқали онлайн харид қилиш имкониятини жорий этиш режалаштирилган. Бу рақамли ечим транспорт хизматларидан фойдаланишни янада соддалаштириб, давлат хизматларини рақамлаштириш жараёнининг мантиқий давоми бўлади.
Шу тариқа, транспорт соҳасида жорий этилаётган замонавий рақамли механизмлар аҳоли учун қулайликларни ошириш билан бирга, Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури мақсадларини рўёбга чиқариш, мамлакатнинг туризм салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ва ички туризмни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА