Хитой пахтаси
Хайнанда биз Хитой Халқ Республикаси Фанлар Академиясининг жанубий қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот базасида бўлдик ва хитойлик олимлари томонидан олиб борилаётган ишлар билан танишдик.
Хайнанда биз Хитой Халқ Республикаси Фанлар Академиясининг жанубий қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот базасида бўлдик ва хитойлик олимлари томонидан олиб борилаётган ишлар билан танишдик. Айтиш лозим, дунёда энг кўп пахта ишлаб чиқарадиган мамлакат – Хитойдир. Пахта Хитойнинг қарийб барча минтақаларида: Шимолий-Хитой текислигида, Янцзи дарёси дельтасида, Янцзи водийсининг марказий қисмида, Синьцзян-Уйғур автоном районида парвариш қилинади. Хитойликлар йилига 17 миллион тоннага қадар пахта етиштиради. Хитойдан кейин АҚШ, улар 11 миллион тонна, Ҳиндистон - учинчи ўринда бўлиб 7 миллион тонна, Покистон – 6 миллион тонна, Ўзбекистон манбаларда қайд қилинишича 3 миллион тоннадан ортиқ пахта ишлаб чиқаради.
Ҳозирги иқтисодий глобаллашув даврида Хитойда пахтачиликни ривожлантиришга эҳтиёж жуда катта бўляпти, дейди Хитой Халқ Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Ню Дунь.
Биринчидан, тўқимачилик саноати катта суръатлар билан ривожланмоқда. Бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзи ҳам пахтага бўлган талаб-эҳтиёжни оширди. 2000-2005 йилларнинг ўзида ип йигирадиган урчуқларнинг умумий сони 34 миллиондан 75 миллион донага етди. Хитой тўқимачилик саноати илгари йилига 3,6 миллион тонна пахтадан газлама тўқиб чиқарса, ҳозир Хитой 9 миллион тоннадан ортиқ пахтадан газлама ишлаб чиқармоқда. Бундан ташқари аҳоли жон бошига пахта ишлатиш ҳам ортиб бормоқда. Агар 1980 йили бу кўрсаткич 4,1 килограмм бўлса, ҳозир ҳар бир киши ўрта ҳисобда 14 килограммдан пахта ва пахтадан тайёрланган маҳсулотлардан фойдаланмоқда.
Иккинчидан, АҚШ ва бошқа тараққий қилган давлатлар 2006 йилдан пахтани экспорт қилинишида тўланадиган субсидияларни бекор қилди, бунинг натижасида жаҳон бозори билан ички бозордаги нархлар бир-бирига яқинлашди. Бу эса бошқа давлатларда, жумладан, АҚШ пахтачиликни ривожлантиришга ўзининг яхши таъсирини кўрсатди.
Учинчидан, 2010 йилда пахта экиладиган майдонлар 5,6 миллион гектардан ошди, боз устига янги юқори ҳосилли пахта навлари экиладиган майдонлар кенгайтирилди, хусусиятлари яхшиланган янги пахта навлари яратилди, уруғчиликни яхшилаш натижасида ҳосилдорлик ва йиллик пахта ишлаб чиқариш миқдори 1,3 фоизга ошди, дейди Хитой Халқ Республикаси қишлоқ хўжалик вазири ўринбосари Ню Дунь.
Пахта етиштириш авваламбор катта харажатларни ва йилига уч фасл мобайнида қуёшнинг жазирама нурлари остида мунтазам оғир жисмоний меҳнатни талаб қилади.
Жаҳон пахтачилиги тарихида ижобий ҳодисалар ҳам рўй бермоқда. Пахта етиштиришга ажратилаётган майдонларнинг қисқаришига қарамай унинг гектар бошидан олинадиган ҳосилдорлиги ошаяпти. Бу демак, пахтачиликда кўп харажатли экстенсив йўлдан тобора воз кечиб, ҳосилдорликни оширишга йўналтирилган интенсив йўлга ўтилмоқда. Бу эса, мутахассисларнинг фикрига қараганда, маълум маънода пахтанинг таннархини пасайишига олиб келади. Хитойда 95 фоиз тўқимачилик корхоналари давлат қарамоғидан чиқарилиб хусусий ва акциядорлик компаниялари ихтиёрига ўтмоқда. Хитой ялпи маҳсулотнинг ярмидан кўпини экспорт қилмоқда. Боз устига тоза пахта толасидан тайёрланган хитой чити, сатини, батисти каби тайёр маҳсулотларига дунёда эҳтиёж жуда катта.
Бозордаги нарх-навонинг қандай бўлишидан қатъи назар Хитойда пахтанинг нархи ҳукумат томонидан белгиланади. Фермер хўжалиги раҳбарлари пахтани четга сотиш учун ҳукумат идораларидан экспорт квотасини олиши зарур. Режалаштириш иқтисодиётидан бозор иқтисодиётига ўтаётганлиги сабабли, Хитойда квотани олиш ишлари анча осонлаштирилган. Давлатга ҳам, фермерга ҳам фойдали бўлган бу иш тобора оммавий тус олиб бормоқда. Мамлакат ичкарисидаги пахта савдоси Хитойда миллий пахта биржаси орқали амалга оширилади. Пахтани сотиш ва харид қилиб олишнинг бу усули иккала томонга маъқул бўлганлиги сабабли у ҳам илдам ривожланиб бормоқда.
Мамлакатда квота жорий қилиниши Хитойга маълум муддатда назоратсиз пахта толасининг кириб келишни олдини олди ва савдо-сотиқни тартибга солди. МДҲнинг пахта етиштирувчи (Марказий Осиё, Қозоғистон ва Кавказорти) мамлакатлари томонидан бозорга чиқарилган пахта чиқиндиларидан - линт билан улюкнинг қарийб барчасини ҳозир Хитой сотиб олмоқда.
Пахта ҳосилдорлиги бўйича ҳам Хитой жаҳонда биринчи ўринда туради. Ҳиндистон эса ҳар гектар ердан олинадиган пахта ҳосили бўйича энг паст кўрсаткичларга эга. Ҳиндистон пахта экиладиган майдонларининг катталиги бўйича дунёда биринчи ўринда бўлса ҳам, етиштираётган пахтанинг миқдори, ҳажми бўйича Хитой билан Америкадан кейин учинчи ўринда туради. Ҳиндистонда пахта асосан суғорилмайдиган ерларда, оддий, жўн агротехника қонун-қоидалари билан етиштирилади.
“Зараркунанда ҳашоратлар ва пахтамиз сифатининг пастлиги пахтачиликни ривожлантиришда жуда узоқ йиллар тўсқинлик қилди”, дейди Хитой Халқ Республикаси Қишлоқ хўжалик вазири ўринбосари, Хитой қишлоқ хўжалик Фанлар Академияси президенти Ли Цзян. 90-йилларда бизнинг олимларимиз пахтани “Bt-пахта” трансген навининг биринчи авлодини яратишга муваффақ бўлди ва бу илмий ихтирога интеллектуал мулк сифатида ўзлари мустақил эга бўлиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди. Натижада илгари сотувга чиқарилаётган ҳосилнинг 5 фоизигина пахтанинг трансген нави бўлса, энди экспорт қилинаётган ҳосилнинг 95 фоизини “пахта совкаси” каби ҳашаротларга бардош бера оладиган пахтанинг трансген нави ташкил қилаяпти. Ҳозир экин майдонларининг асосий қисмига пахтанинг зараркунанда ва касалликларга чидамли ана шу нави экилмоқда. Трансген пахтанинг биринчи авлодини парвариш қилиш технологияси жараёнида тўпланган тажриба, билим, пахтачилик илми, фанида қўлга киритилган катта муваффақият бўлди. Бу - ҳам ҳосилдорлиги, ҳам толасининг сифати юқори бўлган янги навнинг пайдо бўлиши дунё пахтачилиги амалиётида ҳам катта ютуқ, деб тан олинмоқда.
Ҳозирги пайтда Хитойда етиштирилаётган пахтанинг маркаси 32 рақамли эшилган ипга тўғри келади, пахтанинг трансген навидан тайёрланган ип эса 60 рақамли ипга тўғри келаяпти. Шундай қилиб ишлаб чиқарилаётган пахтамиз толасининг сифати қарийб икки баробар юқори бўлди. Бу пахтачиликда ҳам, тўқимачилик саноатида ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга, деди Хитойдаги АСНК пахтачилик илмий-тадқиқот институтининг директори Юй Шусюнь.
Хитой пахтадан тайёрланадиган кийим-кечак тикиб чиқаришни кескин кўпайтирди. Толаси ингичка, узун ва пишиқ, сифати юқори бўлган Хитойнинг трансген пахтасининг пайдо бўлиши жаҳон бозорида бошқа давлатлар ишлаб чиқараётган пахтанинг баҳосига ўз таъсирини кўрсатди. Натижада Марказий Осиё давлатларида етиштирилаётган пахтага эҳтиёж бирмунча пасайган. Яна шуниси диққатга сазоворки, пахта толасини маълум шароитда бир неча йил мобайнида сақлаш мумкин. Шу сабабли-ми, Хитой омборларида жаҳон бозорида пахта таннархини истаган томонга ўзгартириш имконини берадиган миқдорда пахта толаси тўпланган. Бу мамлакат тўқимачилик корхоналарини бир меъёрда пахта билан таъминлаш имконини бермоқда.
Синьцзян-Уйғур Автоном ҳудуди Хитойда пахта етиштирувчи асосий минтақалардан биридир. 1993 йилдан ҳар гектар ердан олинадиган пахтанинг ҳосилдорлиги бўйича ҳам, пахта экспорти ва киши бошига ишлаб чиқариладиган маҳсулот миқдори бўйича ҳам Синьцзян-Уйғур Автоном ҳудуди Хитойда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Синьцзянь автоном ҳудуди пахтакорлари сўнгги 4 йил мобайнида мунтазам равишда йилига 1,5 миллион тоннадан ортиқ пахта йиғиштириб олиб, бутун Хитой пахтасининг 25 фоизини, дунёда тайёрланаётган пахта ҳосилининг 8 фоизини ишлаб чиқармоқда. Ҳудуд аҳолисининг жон бошига тўғри келадиган соф даромадининг қарийб 15,5 фоизи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришидан, айрим пахтачилик районларида эса соф даромаднинг 60 фоизи пахтачиликдан олинмоқда. Пахтачилик бу ерда қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларига қараганда сердаромад соҳа ҳисобланади. Пахтачиликка мамлакат иқтисодиётининг бошқа соҳаларига нисбатан ҳам катта даромад берадиган соҳа, деб қаралмоқда. Айни пахтачиликдан келаётган даромад Синьцзян автоном районига жадал суръатлар билан ривожланиш имкониятини берди, деса бўлади.
Сўнгги йилларда пахта майдонлари қисқартирилиб, гектар бошидан олинадиган ҳосилдорлик ортди. Хитойнинг пахта етиштирадиган муҳим минтақаларидан бири бўлган Оқсув туманида кам ҳосил бераётган ерлар, иқлими қалтисроқ, касалликка тез-тез чалиниб турадиган, зараркунандалари кўп учрайдиган, шунингдек, шаҳарлар атрофидаги ерларда пахта етиштиришга барҳам берилмоқда. Уларнинг ўрнида бошқа экинлар экилиб, чорва учун ўтлоқлар яратилиб, ўрмонлар барпо этиляпти. Хитой ўлчамида “гектар”, “сотиқ” ўрнига хитойча “му” сўзи ишлатилади. Бир гектар ер салкам 15 “му”га тенг. Синьцзянда ҳар му дан 115 килограмдан тортиб, то 180 килограмгача ҳосил олинади. 1 гектар ердан қанча ҳосил олишини билиш учун 1 му дан олинган ҳосилни 15 га кўпайтиришимиз лозим. Шунда бизнинг ҳисобимиз бўйича бир гектар ердан олинадиган ҳосилдорлик чиқади. “Гектар” ҳам “му” ҳам бизнинг ҳисоб ўлчовимиз бўлмаганлиги сабабли, бизга Хитой дунёда энг кўп пахта ишлаб чиқарадиган мамлакатлиги, ҳосилдорлик ҳам бу ерда юқори эканлиги ҳақидаги маълумотнинг ўзи етарли, деб ҳисобладик.
Пахтачиликда экстенсив методдан интенсив методга ўтилмоқда. Илгарилари миллион-миллион тонналар ишлаб чиқариш учун курашилган бўлса, энди ишлаб чиқарилган маҳсулот миқдори билан бир қаторда толанинг ингичкалиги, узунлиги, пишиқлиги, жаҳон бозори талабларига қараб, сифат ва яна бир бор сифат учун курашилмоқда.
Куч билан тортганда ҳам узилмайдиган толасининг сифати пишиқ бўлган, касалликка ва ҳашоратларга чидамли, машина теримига мўлжалланган, стандарт талабларига тўла жавоб берадиган, юқори ҳосилли ўрта ва ингичка толали пахтанинг янги навлари яратилди. Уларнинг техник кўрсаткичлари жаҳон тўқимачилик марказларининг талабларига тўлиқ жавоб берадиган даражага етди. Синъцзянда чет элдан пахта толасини ажратиб оладиган, уни қайта ишлайдиган, навларга ажратадиган, янги навлар синаб кўриладиган, нави ва сифатига қараб алоҳида-алоҳида қилиб ажратиб берадиган, уруғлик чигитга ишлов берадиган 3 та селекция базаси, 1 та селекция маркази, 4 та элита уруғлар базаси, 15 та товар уруғликлар базаси ва пахта толаси сақланадиган омборхоналар сотиб олинди.
Синьцзян пахта заводи ўз маҳсулотининг 80 фоизини биринчи ва иккинчи навларда ишлаб чиқармоқда. Пахтачилик ҳам саноат асосида ривожланишга ўтаяпти. Синьцзян Уйғур автоном райони пахтакорлари олдида Шаньдун провинциясидаги “Лутай АООО тўқимачилик компания”си, Ават уездидаги 3-Фэншоу фермаси ва 50 минг урчуққа мўлжалланган ингичка толали пахтадан газлама тўқиб чиқарадиган фабрикасини етарли миқдорда пахта ҳосили билан таъминлаш масаласи турибди. Ават уезди саноат корхоналарини хомашё билан таъминлайдиган - “миллион тонна пахта берадиган уезд” деган ном олди. Уезд аҳолиси фақат пахта етиштириш билан деҳқоннинг қозони оқармаслигини ҳам пировардида тушуниб етди. Шу сабабли улар хомашёдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қадар бўлган барча жараёнларни кластер асосида бирлаштиришга ўтди. Бу демак, пахтадан тайёрланган маҳсулотдан келадиган умумий даромад деҳқон билан саноат корхоналари ишчиси ўртасида адолатли тақсимланади.
Деҳқонлар билан пахта саноати ишчиларининг манфаатлари бирлашган бу янги мажмуани яратишда Хитой билан хорижий давлатларнинг 4 та корхонаси иштирок этди. Натижа кутганидан ҳам аъло бўлди. Буни кўрган ишбилармон, тадбиркор, бизнесменлар билан бирга пахтачиликка капитал-маблағ оқиб кела бошлади.
Биз бир нарсани яхши англаб олдик, дейди “Синьцзян Мянхуа Чанье (Синьцзян пахта етиштириш бирлашмаси)”нинг етакчи менежерларидан бири. Кичик пахтачилик хўжаликларидан фойда йўқ экан, ўзаро рақобат эса нафақат зарарли, балки пахтачиликни ривожлантиришга тўсқинлик ҳам қилар экан. Йирик Синъцзян пахта ишлаб чиқариш бирлашмасисиз жаҳон бозорида рақобат қила олмаслигимизга ишонч ҳосил қилдик, деб гапини тугатди менежер.
Хитой экспорт қилиш учун илгари зарур бўлган, Умумжаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлганидан кейин эса, худди шунинг ўзи, тўсқинлик қилаётган квоталарни бекор қилди. Бир сўз билан айтганда, пахта ва ип газламаларида ишлайдиган корхона ва ишчи коллективлари жиддий рағбатлантирила бошланди.
Сиз “Ўзбекистон – Хитой ва жаҳон пахтаси” номли туркум материалларининг 2 қисми билан танишдингиз. Мақоланинг 3-“Америка Пахтаси” қисми эртага эътиборингизга ҳавола этилади.
Сайтимизни кузатиб боринг.