“Келажак ўйинлари – 2026: Ўзбекистон фижитал-футболчилари ярим финалда
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида 8 та фижитал спорт йўналишларида ўтказилаётган “Келажак ўйинлари - 2026” мусобақаларининг финал босқич баҳслари тобора юқори нуқтасига яқинлашмоқда.
Куни кеча фижитал-футбол ўйинларининг чорак финал мусобақалари бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз вакиллари ушбу босқичда Россия Федерациясининг FFK “ROTOR CISS GROUP” жамоаси билан куч синашди.
Майдонда ҳамда майдон ташқарисида компьютер футболидаги муросасиз баҳсда Ўзбекистон жамоаси рақибларини умумий ҳисобда 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Айтиш лозим, футбол майдонидаги мусобақада ҳамюртларимиз 2:1 кўринишида устунликка эришган бўлса, рақамли ўйинда томонлар (0:0) нурсиз дурангга эришди.
Яна бир эътиборли жиҳати, ярим финалга Осиё жамоалари орасида фақат Ўзбекистон вакиллари йўлланмани қўлга киритди. Қолган 3 та ярим финал чиптасига эса Америка қитъасининг Гватемала, Аргентина ва Мексика жамоалари эга чиқди.

Соврин жамғармаси 4 миллион АҚШ долларидан иборат “Келажак ўйинлари-2026” ўйинларининг жуст дансе(Just Dance) мусобақаларида ўз омадини синовдан ўтказган юртдошимиз Соғдиёна Абдухолиқова арманистонлик Лала Геворгянни 2:0, россиялик Константин Фоминни 2:1 ҳисобида доғда қолдирди.
Бироқ, ярим финал остонасида Франция вакилига имкониятни бой бериб, кучли тўртликда мусобақани якунлади.
Эслатиб ўтамиз, 50 га яқин давлатнинг 800 нафардан ортиқ энг маҳоратли фижитал спортчилари иштирок этаётган “Келажак ўйинлари-2026”нинг финал мусобақалари эртага 9 август куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА