“Келажак ўйинлари — 2026” ғолиби Ўзбекистон чемпионлигига эришди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” мажмуаси ва майдонларида жисмоний ва ақлий баҳсларни ўзида мужассам этган фиджитал спортнинг бир қатор йўналишлари бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда 4 та ҳудудий босқич мусобақаларида ғолиб ва совриндорликка эришган 36 та жамоа совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда.
Ортда қолган беллашувлар сарҳисобига кўра, фиджитал-баскетбол баҳсида “Ренессанс” университети жамоаси 1-ўринни эгаллаган вазиятда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси жамоаларига кейинги поғоналар насиб этди.

“Just Dance” йўналишида тошкентлик Сўғдиёна Абдухолиқова, чирчиқлик Фарангиз Шокиржонова ва андижонлик Моҳинур Раҳимбердиева жисмоний ва ақлий мусобақаларда етакчиликни қўлга киритди.
Фиджитал-футбол ўйинларида жорий йил июль-август ойларида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ташкил этилган “Келажак ўйинлари — 2026” мусобақаси совриндори “Олимпик” жамоаси 1-ўринни банд этди. Ўз навбатида, Навоий вилоятининг “Алпомиш” жамоаси 2-ўринга ва Чирчиқ шаҳрининг “Олимпия” жамоаси 3-ўринга эга чиқди.
Фиджитал спорт мусобақалари давом этмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА