Касбга қизиқиш билимлар беллашувида намоён бўлди
Сурхондарё вилояти Божхона бошқармасида ўқувчи-ёшларнинг соҳага оид билимларини мустаҳкамлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда касбга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида «Божхона билимдони» кўрик-танлови ўтказилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда Божхона бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда иштирокчилар назарий билимлари, мантиқий фикрлаш қобилияти ва жамоада ишлаш маҳоратини намоён этди.
Беллашув давомида ўқувчилар божхона органлари фаолияти, мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилишда соҳа ходимларининг ўрни ҳамда масъулиятига оид савол ва топшириқлар бўйича ўзаро куч синашди.
Мазкур танлов ёшларнинг касбий дунёқарашини кенгайтириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ва эгаллаган билимларини амалиётда қўллаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашув якунида ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-32693]
Бу каби маърифий тадбирлар навқирон авлоднинг илмга интилишини рағбатлантириш, келажакда муносиб касб эгаллашига кўмаклашиш, қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА