Иқтидорли ёшларни давлат фуқаролик хизматига тайёрлаш, уларда лидерлик кўникмаларини шакллантириш, ёш кадрларни селекция қилиш мақсадида Самарқандда тажриба тариқасида фаолияти йўлга қўйилган “Келажак лидерлари” клуби эндиликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида иш бошлайди. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати ЎзАга маълум қилди.
Клуб Ёшлар ишлари агентлиги, ҳокимликлар ва бошқа агентликлар билан ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Клубга аъзолик 4 босқичда, жумладан, саралаш, тест, эссе ёзиш ва суҳбат воситасида очиқ танлов орқали амалга оширилади.
– Биз жорий йилнинг 5 июлидан клубга аъзолик бўйича ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон бердик, – дейди агентликнинг марказий аппарати вакили Жавҳар Дўстов. – Қатнашиш учун қисқа вақт давомида 20 ёшга кирган ва 35 ёшдан ошмаган давлат фуқаролик хизматчилари ва талабалардан иборат, жами 6246 номзод онлайн тартибда рўйхатдан ўтди. Бугун барча ҳудудларда танловнинг иккинчи босқичи – тест жараёнлари бошланди. Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида жараёнларни онлайн кузатиш имконияти яратилган. Танловнинг илк, саралаш босқичида номзодларнинг малака талаблари ўрганилди. Натижада 2796 нафар номзод танловнинг иккинчи босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Ҳар бир ҳудуд учун 50 нафаргача номзод клуб аъзолигига қабул қилинади. Уларнинг кейинчалик махсус дастур асосида малакаси оширилади,маҳаллий ҳокимлар, турли даражадаги раҳбарларга дублёр бўлади, вазирлик ва идораларда стажировка ўтайди.
Ўзбекистонда янги авлод захира кадрларини шакллантиришнинг замонавий модули сифатида ушбу дастур давлат хизмати учун келажак лидерларини шакллантириб бериши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида давлатимиз раҳбари иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантириш бўйича таклиф берган эди.
Гулноза Бобоева, ЎзА