Келажак чемпионлари: каратэ WKFда порлаётган Алиризо
– Эсласам, тупроқ чангитиб югуришни енгил атлетика, белимизга эски матодан белбоғ боғлаб сакраб тепишни каратэ деб юраверган эканмиз, – деди дўстимиз Дилмурод Раҳимов. – Бугун мамлакатимизда янгидан-янги спорт мажмуалари, замонавий инвентарлар билан жиҳозланган тўгараклар қурилган. Мактаб залларини айтмайсизми, қайси спорт тури билан шуғулланаман десанг, барча шароит муҳайё. Ўғлим Алиризони тўрт ёшидан бери каратэ билан шуғуллантираман. У ҳозирда 11 ёшда. Бўйлари тенгдошларига нисбатан анча баланд ва бақувват.
Дўстим фарзандининг спорт билан шуғулланиши унинг ҳар томонлама соғлом бўлиб улғайишида муҳим восита эканини англаб етгани ва бунинг учун ўзи ташаббус кўрсатаётгани, юртимизда ўғил-қизларнинг қизиқиши ва қобилиятига қараб, истаган спорт турини танлаш имконига эга экани қувонарли.
Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан спортни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишини таъминлаш баробарида спортчиларимизнинг халқаро майдондаги юксак ғалабаларида ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Айниқса, болалар спортини ривожлантириш, юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий спорт мажмуаларини қуриш, уларни зарур ускуна ва инвентарлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳам фарзандларимизни соғлом ва баркамол инсонлар қилиб вояга етказишдек эзгу орзуларни рўёбга чиқариш мақсади мужассам.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда каратэ WKF йўналиши жадал ривожланиб, ёш спортчилар халқаро майдонларда муносиб натижалар қайд этмоқда. Бу жараёнда иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни тизимли тайёрлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай умидли спортчиларимиздан бири — Алиризо Шуҳратов.

Алиризо 2019 йили спортнинг каратэ WKF йўналиши бўйича илк сабоқларни тажрибали мураббий Билолиддин Зайниддиновдан ўргана бошлади ва айни дамда устозининг фарзанди Ворисхон Зайниддинов билан шуғулланмоқда.
11 ёшли спортчимиз ўзининг илк медалини 2022 йилда ўтган Ўзбекистон чемпионатининг 7 ёшгача бўлган баҳсларида қўлга киритган эди. У ўшанда барча рақибларини таслим этиб, ўз тенгдошлари орасида тенгсиз эканини намоён этди. Шу йилнинг ўзида Қирғизистонда ўтказилган халқаро мусобақада совриндорлар сафидан жой олиши унинг халқаро майдондаги илк қадамларидан бўлди.

Ёш каратэчимиз 2023 йил Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги халқаро турнирда иккинчи ўриндан жой олган бўлса, Канаданинг Монреаль шаҳрида ўтказилган нуфузли “Canada International Open” мусобақасида мамлакатимиз шарафини ўз ёш тоифасида муносиб ҳимоя қилди ва чемпионга айланди. Эътиборлиси, у мазкур мусобақада Ўзбекистондан ягона иштирокчи сифатида қатнашиб, юқори натижага эришди.
Орадан бир йил ўтиб, Алиризо Монреаль шаҳрида ташкил этилган яна бир нуфузли спорт тадбирида 8-9 ёшлилар орасида олтин медални қўлга киритди.
2025-2026 йиллар давомида ёш каратэчимиз халқаро ва республика миқёсидаги нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, қатор ютуқларга эга чиқди.

Жумладан, 2025 йилда Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионати ва CAF мусобақасида 10-11 ёш тоифасида иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, Ўзбекистон чемпионатида ҳам кумуш медаль билан тақдирланди. 17-19 декабрь кунлари Истанбул шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиладиган халқаро мусобақада қатнашиб, фахрли учинчи ўриндан жой олди.
Жорий йилги мавсумда Тошкент шаҳрида спортчилар ўртасида ўтказилган саралаш мусобақасида ғолиб бўлган Алиризо Ўзбекистон кубогида кумуш медаль билан тақдирланди. Январь ойида Чимкент шаҳрида ўтказилган нуфузли “Shymkent Open” халқаро мусобақасида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, олтин медални қўлга киритди. 24-26 апрель кунлари Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган “World Championships” жаҳон чемпионатида дунёнинг кучли спортчилари қаторида иштирок этиб, якка кумитэ баҳсларида 10-11 ёш, -35 кг. вазн тоифасида фахрли учинчи ўринни эгаллади.

Жамоавий кумитэ баҳсларида эса “Shobo Ippon” йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этиб, -40 кг. вазн тоифасида мусобақани бронза медаль билан якунлади.
– Нуфузли мусобақаларда Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини кўрсата олганимдан хурсандман, – дейди Алиризо Шуҳратов. – Мусобақа давомида устозим Ворисхон Зайниддинов томонидан берилган тўғри кўрсатмаларни бажардим. Бу каби нуфузли чемпионатлар биз спортчиларга ўз тажрибамизни ошириш ва турли давлат спортчилари билан танишиш имкониятини беради. Ниятим, йирик мусобақалар, қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинларида ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш.
Спорт ёш авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлаши билан бир қаторда, ўғил-қизларнинг ҳаракатчанлигини, фаоллигини ошириши, қатъий кун тартибига риоя қилишга ўргатиши, жисмонан соғлом, руҳан тетик бўлиб улғайишида муҳим аҳамиятга эга.

Болаларни спорт турларига жалб этишда аввало уларнинг ёши, қизиқиши, саломатлик даражаси ва қобилиятига жиддий эътибор қаратиш зарур.
Спорт тиббиёти мутахассисларининг таъкидлашича, футбол, волейбол, баскетбол, гандбол сингари жамоавий ўйин турлари бола танасининг барча аъзоларини ҳаракатга келтириб, унинг ҳар томонлама пропорционал ривожланишига таъсир кўрсатади. Болада аниқлик, чаққонлик ва тезкорликни оширади, мақсад сари интилиш, етакчилик қобилиятини шакллантиради.
Спортнинг яккакураш турлари эса қўл, оёқ, тана мушакларининг бақувват бўлишига хизмат қилади, сабр-тоқат ва чидамга ўргатади, иродани мустаҳкамлайди. Шахмат ақлни чархлаши ҳаммага маълум. Бадминтон ва стол тенниси кўзни равшанлаштириб, тана аъзоларининг уйғун ҳаракатланиши натижасида организм ҳар томонлама соғлом бўлади. Сузиш нафас олиш тизими, суяк тўқималарининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатади.

Дарҳақиқат, эрта ёшдан бошлаб спорт билан мунтазам шуғулланадиган болалар жисмонан соғлом, бақувват бўлиб вояга етади. Шу асосда ҳар бир ота-онанинг эзгу орзуси бўлмиш соғлом фарзанд ўстириш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш учун катта имкониятлар пайдо бўлади. Айнан ёшлик чоғидан спорт билан дўст бўлиш боланинг ўз устида ишлаши, характерининг тобланиши, мусобақаларда қатнашиш орқали қатъиятлик ва мардлик хусусиятларининг шаклланиши, ғалабага интилиши, бир сўз билан айтганда, мустаҳкам иродага эга бўлиши учун пухта замин яратади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА