Кўз ёшларда Ватан туйғуси
Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига
Мустақилликдек улуғ неъматдан ва унинг тароватидан баҳраманд бўлмаган юртдошимиз ёки соҳанинг ўзи йўқ. Айниқса, мамлакатимиз истиқлолининг сўнгги ўн йиллигига назар ташласак, барча жабҳалардаги оламшумул тараққиёт қаторида спорт соҳаси ҳам мислсиз юксалаётганига гувоҳ бўламиз. Юртимизда ёшларга кўрсатилаётган чексиз ғамхўрлик, спортга қаратилаётган юксак эътибор ва барпо этилаётган замонавий мажмуалар йигит-қизларимизни янги зафарларга илҳомлантирмоқда. Уларнинг халқаро майдонлардаги шижоати ва эришаётган тарихий ғалабаларига бугун нафақат халқимиз, балки бутун дунё ҳамжамияти ҳайрат ва ҳавас билан боқмоқда.

Ҳа, сўнгги ўн йил – Ўзбекистон спорти ҳаётида олтин ҳарфлар билан ёзилган навбатдаги тарих. Кўрсатилаётган ғамхўрликлардан оқилона фойдаланаётган юртимиз спортчилари 2016–2025 йиллар давомида Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида муносиб иштирок этиб, мамлакатимиз байроғини дунёнинг энг нуфузли спорт шоҳсупаларида баланд кўтаришга маваффақ бўлишди. Энг муҳими, бу даврда спортдаги натижалар нафақат медаллар сонининг ортиши, балки спорт турларининг кенгайиши, хотин-қизлар спортининг ривожланиши, ёш истеъдодларни кашф этиш ва Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги мавқеи мустаҳкамланиши билан ҳам тавсифланади.
Олимпия ўйинлари: Риодан Парижгача
2016 йил Рио-де-Жанейро Олимпиадаси Ўзбекистон спортчилари учун муваффақиятли кечганлигини яхши эслаймиз. Миллий олимпия делегацияси 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза – жами 13 та медални қўлга киритди. Ўшанда Ўзбекистон 206 давлат орасида 21-ўринни эгаллаган эди.
2021 йилда Токиода ўтказилган Олимпиадада Ўзбекистон делегацияси 3 та олтин ва 2 та бронза медалга сазовор бўлди. Мамлакатимиз 206 делегация орасида 32-ўринни, Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллади. Токиода Ўзбекистон номидан 17 спорт турида 71 нафар спортчининг иштироки ҳам мамлакатда олимпия ҳаракатининг кўлами кенгайганини кўрсатади.
[gallery-30901]
Шуни қувонч билан таъкидлаш жоизки, 2024 йил Париж Олимпиадаси ўзбек спорти учун оламшумул тарихий воқеага айланди. Ўзбекистон терма жамоаси Парижда 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза – жами 13 та медаль жамғарди. Бу мамлакат мустақилликка эришганидан кейинги Олимпия ўйинларидаги энг юқори натижа бўлди. Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 206 давлат орасида 13-ўринни, Осиёда 4-ўринни ва Марказий Осиё ҳамда МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллади.

Бу рақамлар Ўзбекистон спортининг изчил равнақ топаётганлигини кўрсатади. Айниқса, Париждаги 8 та олтин медаль Риодаги кўрсаткичдан икки баравар кўпдир.
Паралимпия – матонат ва жасорат тимсолидир
Сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон паралимпия спорти ҳам жадал тараққий этди. Жумладан, Рио–2016 Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон 8 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза медаль олган бўлса, Токио – 2020 Паралимпиадасида 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалга эришди. Париж – 2024 Паралимпиадасида эса натижа янада юқори бўлиб, спортчиларимиз 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза – жами 26 та медаль билан 170 давлат орасида 14-ўринни эгаллашди.

Айниқса, Парижда пара енгил атлетикасида Ўзбекистон 8 та олтин, 4 та кумуш ва 4 та бронза медаль билан ушбу спорт турида 6-ўринни эгаллагани эътиборга молик. Бундай натижалар имконияти чекланган инсонлар учун спорт билан шуғулланиш имконияти тобора ортиб бораётганини ҳам кўрсатади.
Бокс – Ўзбекистоннинг энг кучли спорт мактабларидан биридир
Сўнгги йилларда ўзбек бокси дунёдаги энг кучли мактаблардан бири сифатида ўз мавқеини янада мустаҳкамлади. 2023 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг “Энг яхши жамоаси” деб топилди, Ҳасанбой Дўсматов эса чемпионатнинг энг яхши боксчиси деб эътироф этилди.
2024 йил Париж Олимпиадасида ҳам ўзбек боксчилари 5 та олтин медаль билан бокс бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгалладилар.

2025 йилда эса ўзбек боксининг янги йўналиши – аёллар боксида ҳам тарихий натижа қайд этилди. Сербияда ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси биринчи марта 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди. Навбаҳор Ҳамидова жаҳон чемпионати финалига чиққан биринчи ўзбек аёл боксчисига айланди.
Дзюдо, таэквондо ва курашда янги авлод
Охирги йилларда дзюдо ва таэквондо соҳаларида ҳам ўзбек спорт мактабининг салоҳияти яққол намоён бўлди.
Париж – 2024 Олимпиадасида Ўзбекистон дзюдочилари тарихидаги энг яхши натижалардан бирини қайд этди. Музаффарбек Тўрабоев ва Алишер Юсупов бронза медалларига сазовор бўлган бўлслар, Диёрa Келдиёрова олтин медални қўлга киритди ва бу натижа билан бутун дунёни ларзага солди.

2025 йил Тошкентда ўтказилган дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнирида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 3 та кумуш ва 8 та бронза – жами 12 та медаль олди. Бу натижа мамлакат терма жамоасининг мазкур мусобақалардаги медаллар сони бўйича рекорди сифатида қайд этилди.
Футболда тарихий қадам
Ўзбек футболи бош кўтарди. 2025 йил 10 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи босқичида Қатар устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, тарихда биринчи марта футбол бўйича жаҳон чемпионати финал босқичига йўлланма олди. Шу тариқа 34 йиллик орзу рўёбга чиқди.

МДҲ давлатлари орасида ягона натижа сифатида ўзбек футболининг жаҳон майдонига чиқиши оддий муваффақият эмас, мамлакат нуфузини кўрсатувчи тарихий воқеадир.
Ўзбекистоннинг спортдаги ютуқлари бу каби спорт турлари билангина чекланиб қолмаяпти. Сўнгги йилларда қиличбозлик, таэквондо, енгил атлетика, каратэ, самбо ва бошқа спорт турларида ҳам халқаро майдонда салмоқли натижалар қайд этилмоқда.
Интеллект майдонидаги ўзбек феномени
Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, спорт ҳақида гап кетганда кўпинча ринг, татами, стадион ва олимпия шоҳсупалари кўз олдимизга келади. Аммо спортнинг шундай бир тури борки, унда жанг майдони – 64 катак, қурол – ақл, куч эса – тафаккурдир.
Ҳа сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон шахмати ҳақиқий феноменга айланди.
2022 йил Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-жаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистоннинг ниҳоятда ёш терма жамоаси тарихий ғалабани қўлга киритди. Жамоа финал турда Нидерландияни 2,5:1,5 ҳисобида енгиб, Олимпиада чемпиони бўлди.

Ўша жамоанинг етакчиси атиги 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов эди.
Жамоа таркибида Абдусатторов билан бирга Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Якуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидов каби ёш шахматчилар бор эди.
Энг ҳайратланарлиси – Ўзбекистон ўша Олимпиададаги энг ёш жамоалардан бири эди. Шунга қарамай, жаҳоннинг кучли шахмат давлатлари – Арманистон, Ҳиндистон, АҚШ, Хитой ва бошқалар билан рақобатда чемпионликни қўлга киритди.
Бу ғалаба Ўзбекистонда шахматнинг янги авлоди пайдо бўлганлигидан далолат эди.
2023 йилда Самарқанд шаҳри жаҳон шахматининг энг нуфузли мусобақаларидан иккитаси – Жаҳон рапид ва блиц чемпионатларига мезбонлик қилди. Самарқанд нафақат тарих ва маданият шаҳри, балки замонавий шахмат марказларидан бири сифатида ҳам дунё эътиборини тортди.
Ўзбекистон шахмати 2025 йилда яна бир тарихий босқичга кўтарилди. Жавоҳир Синдоров Жаҳон шахмат кубоги ғолиби бўлди. У 19 ёшида ушбу нуфузли мусобақада ғолиб чиқиб, тарихдаги энг ёш Жаҳон кубоги чемпионига айланди. Синдоровнинг ғалабаси бутун дунё шахмат жамоатчилигининг эътиборини Ўзбекистонга қаратди.
Энг муҳими – ғалабалар бардавом. 2026 йил апрель ойида Жавоҳир Синдоров тарихда биринчи марта Ўзбекистон вакили сифатида Номзодлар турнири ғолиби бўлди.

Ҳа, бугун Ўзбекистонда шахмат оммавий ҳаракатга айланмоқда. 2025 йилнинг биринчи ярмида “UzChess” лойиҳаси доирасида Андижон, Жиззах, Бухоро ва Наманган вилоятларида турли ёш тоифалари бўйича чемпионатлар, Тошкентда эса халқаро турнирлар ўтказилди.
Уларда 16 минг нафардан ортиқ ёш шахматчи иштирок этди. Мусобақаларда 23 нафар хорижлик гроссмейстер қатнашиб, истиқболли ёш шахматчилар сараланди. Бу оддий рақамлар эмас. Бу 16 000+ ёш ўзбек шахматчилари демакдир. Уларнинг орасида, албатта, эртанги жаҳон чемпионлари, олимпия чемпионлари ҳам бор.
Шу ўринда айтиш жоизки, Президентимизнинг спортга эътибори бежиз эмас. Футбол болага жамоада ҳаракат қилишни ўргатса, бокс жасоратни, кураш матонатни, шахмат эса фикрлашни ўргатади. Давлатимиз раҳбарининг севимли фарзандлари қаторида Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Якуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидовлар – нафақат 64 катак ғолиблари, улар Ўзбекистонда янги интеллектуал спорт авлоди шаклланаётганлигининг тирик далилларидир.
Дарвоқе, ҳар бир спортчи мусобақаларда ўз Ватанини шарафлайди. Айниқса, тасауввур қилинг, ҳар бир ғалабанинг ортида Ватан байроғи баланд ҳилпирайди. Мадҳия янграйди. Ҳа, шундай пайтларда спортчиларимизнинг кўзларидан оққан меҳр ва қувонч томчилари порлоқ юзларини ялаб ўтади.
Яқинда менинг қалбимни ларзага солган бир воқеа ҳеч кимни бефарқ қолдирмагани аниқ. Бу ватандошимиз жажжи Исфандиёрнинг жаҳон футбол майдонида Ватанимиз шаъни учун оқизган кўз ёшлари бўлди. Қалқиб оққан кўз ёшларида Ватанга муҳаббат туйғуси намоён эди. Шундай туйғу ҳар бир ватандошимизнинг қалбида абадий яшасин.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари.
ЎзА