Жиззахда ёшлар учун замонавий меҳнат бозорига кириш эшигини очадиган нодир ташаббус йўлга қўйилмоқда. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб вилоятидаги илғор касбий маҳорат техникумлари базасида “Касблар шаҳарчалари” ташкил этилади. Бу ерда ҳар бир ўқувчи нафақат ўрганади, балки ўз қобилияти ва қизиқишларини бевосита амалий муҳитда синаб кўра олади.
“Касблар шаҳарчалари” мактаб ўқувчиларини қурилиш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт ва “яшил” энергетика каби истиқболли соҳаларга қизиқтириш мақсадида яратилади. Бу эса Жиззах иқтисодиётида устувор бўлган агросаноат, қайта ишлаш, логистика ва энергия тежамкор технологиялар учун малакали кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида мактаб ўқувчилари устахоналар ва лабораторияларда турли касбларни бевосита ўрганиш имконига эга бўлади. Ёшлар замонавий ускуналардан фойдаланиб, амалий машғулотлар ўтказади ва бу жараён уларнинг меҳнатга қизиқишини оширади, келажакда касб танлашда онгли қарор қабул қилишга туртки беради.
Шунингдек, ўқувчиларнинг муайян касбга мойиллигини аниқлаш мақсадида тестлар, психологик таҳлиллар ва интерактив усуллар жорий қилинади. Бу орқали ҳар бир ўқувчининг қобилиятига мос йўналишни белгилаш осонлаштирилади.
Мутахассислар таъкидлашича, “Касблар шаҳарчалари” ҳудудда ёшлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари учун рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга.
Бу ташаббус орқали Жиззах ёшлари ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиш, меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш ва ҳудуд иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш имконига эга бўлишади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири