Касбий малака чегара билмайди: Шинжон ва Марказий Осиё ҳамкорлиги
Халқаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда малакали кадрлар тайёрлаш, касбий кўникмаларни такомиллаштириш ва меҳнат бозори эҳтиёжларини мувофиқлаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида касбий малакани ўзаро тан олиш масаласининг илгари сурилиши минтақавий ҳамкорликнинг долзарб йўналишларидан биридир.
15 октябрь куни Урумчи шаҳрида бўлиб ўтган “Ипак йўли” технологиялар трансфери бўйича учинчи халқаро конференция доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари мамлакатларининг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжлари ҳақида маълумот берди. Тадбирда Шинжон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида касбий малакани халқаро миқёсда ўзаро тан олишга оид келишув имзолангани ҳам маълум қилинди.
Мазкур ташаббус касбий тайёргарлик ва мутахассислар салоҳиятини баҳолаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги саноат алоқалари учун зарур кадрларни тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Мамлакатимиз вакили, тажрибали давлат ва жамоат арбоби Ҳамротош Шодиева келишув касбий малака соҳасидаги қоидалар ва стандартларни яқинлаштириш, мутахассисларнинг мамлакатлар ўртасидаги касбий фаолияти учун қулай шароит яратиш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантиришга кўмаклашишини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон саноатни модернизация қилиш ва инфратузилмани жадал ривожлантириш жараёнини изчил давом эттирмоқда. Бу эса қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ахборот технологиялари ва замонавий хизматлар соҳаларида малакали мутахассисларга бўлган талабни оширмоқда. Шу боис кадрлар тайёрлаш ва касбий кўникмаларни ривожлантириш борасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳим ҳисобланади.
Қозоғистон вакили, Олмаота шаҳри Ёшлар сиёсати бошқармаси ҳузуридаги Шаҳар касбий ривожланиш маркази директори Акарис Тўлебеков мамлакатдаги индустриаллашув ва рақамли трансформация жараёнлари билан боғлиқ кадрлар эҳтиёжи ҳақида маълумот берди. Хусусан, муҳандислик технологиялари, рақамли кўникмалар ва логистика бошқаруви йўналишларида мутахассислар тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Қозоғистон томони касбий малакани ўзаро тан олиш, кадрларни биргаликда тайёрлаш, стажировкалар ташкил этиш ва амалий таълим имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришга қизиқиш билдирди.
Конференция доирасида Шинжоннинг Синьши туманидаги юқори технологиялар зонаси инсон капитали соҳасидаги халқаро хизматлар платформасини ҳам тақдим этди. Тўққизта йўналишни қамраб олган платформа халқаро кадрлар сиёсати, касбий компетенцияларни баҳолаш, мутахассисларни жалб этиш ва касбий таълим каби хизматларни бирлаштиради. У иш изловчилар ва тадбиркорларга трансчегаравий хизматлардан “ягона дарча” тамойили асосида фойдаланиш имконини яратишга мўлжалланган.
“Xinjiang Gaoxin Talent Operations Management” компанияси бош директори ўринбосари Ли Цзенинг айтишича, Хитой корхоналари хорижий бозорларга чиқишда кадрлар ҳақидаги маълумотларнинг тарқоқлиги ва мутахассисларни излаш имкониятларининг чекланганлиги билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келган.
Янги платформа Марказий Осиё мамлакатларидаги кадрлар салоҳияти ҳақидаги маълумотларни рақамли муҳитда жамлаш ва мутахассисларни излаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Бу механизмнинг самарадорлиги унинг амалиётга жорий этилиши ва иштирокчилар эҳтиёжларига қай даражада жавоб беришига боғлиқ бўлади.
Умуман, касбий малакани ўзаро тан олиш, мутахассислар тайёрлаш ва инсон капитали соҳасидаги хизматларни такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратиши мумкин.
Нилуфар Бозорова, ЎзА