Корея билан ҳамкорлик: Ўзбекистон техникумларида замонавий касблар ва янги имкониятлар
XXI аср – иқтисодий геосиёсат ва инсон капитали устуворлиги даври
Бугунги шиддатли глобаллашув ва Тўртинчи саноат инқилоби даврида давлатларнинг халқаро майдондаги қудрати табиий ресурслар билан эмас, инсон капитали сифати ва миллий таълим тизими мослашувчанлиги билан белгиланмоқда. Замонавий глобал иқтисодиёт шунчаки назарий билимли эмас, балки сунъий интеллект ва рақамли технологияларни мукаммал ўзлаштирган, мустақил таҳлил қиладиган, халқаро стандартларга мос трансмиллий мутахассисларни талаб қилмоқда. Саноат тармоқларининг автоматлашуви меҳнат бозорининг архитектурасини тубдан ўзгартириб юборди. Бу эса касбий таълим муассасалари зиммасига тезкор трансформация мажбуриятини юклайди.
Шу боис, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказига инсон омили ва унинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш вазифаси қўйилди. Мазкур жараёнда касбий таълим тизимини халқаро андозалар даражасига олиб чиқиш ҳамда ички ва ташқи меҳнат бозори эҳтиёжларига тўлиқ синхронлаштириш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Мазкур ёндашув шуни тақозо этадики, касбий таълим эндиликда иқтисодиёт ортидан эргашувчи эмас, балки унинг ўсиш драйверларини олдиндан шакллантирувчи локомотив вазифасини бажариши лозим. Бу борада ўрта бўғин кадрларининг тайёрланиш сифати мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини белгиловчи энг асосий мезонлардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Ушбу тизимли таҳлилда Жанубий Корея Республикаси билан касбий таълим соҳасида шаклланаётган ва изчил ривожланаётган стратегик шериклик алоҳида муҳим модел сифатида намоён бўлмоқда. Бу ҳамкорлик шунчаки оддий халқаро алоқа ёки расмий ташрифлар мажмуи эмас. Бу тажриба алмашишдан аниқ амалий натижага, амалий меморандумлардан реал ва ишлаб чиқаришга йўналтирилган таълим дастурларига, маҳаллий аудиториядан глобал меҳнат бозорига олиб чиқадиган тизимли ҳамкорлик моделидир. Икки томонлама муносабатлар замирида миллий кадрларнинг меҳнат нормаларига мукаммал мослашишини таъминлаш механизмлари ётади.
Биз бугун Корея тажрибасини шунчаки ташқи кузатувчи сифатида ўрганаётганимиз йўқ. Аксинча, ушбу илғор таълим архитектурасини миллий техникумларимизга жорий этиб, дастурларни трансформация қиляпмиз ва ёшларимиз учун кенг миқёсдаги юқори даромадли бандлик имкониятлари кўпригини яратяпмиз. Мазкур интеграция жараёни мамлакатимиз иқтисодиётининг таркибий диверсификациясига ҳамоҳанг равишда бошқарилмоқда.
Давлат стратегияси ва Корея тараққиёт моделини миллий тизимда қўллаш
Сўнгги йилларда олиб борилаётган фаол, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат натижасида мамлакатимизнинг халқаро шериклари, хусусан, Жанубий Корея билан муносабатлари сифат жиҳатидан бутунлай янги, стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги алоқалар нафақат сиёсий ва иқтисодий соҳаларни, балки инвестиция, инновация ва рақамли таълим инфратузилмасини тўлақонли тарзда қамраб олган. Ушбу ўзаро ишонч платформаси касбий таълим йўналишидаги инвестицион дастурларни тўғридан-тўғри ва бюрократиясиз амалга оширишга мустаҳкам замин яратди.
Касбий таълим тизими ушбу олий даражадаги ишончли муносабатларнинг энг самарали йўналишларидан бирига айланди. Бу бежиз эмас. Зеро, Жанубий Кореянинг профессионал таълим ва кадрлар тайёрлаш модели дунёда саноат ривожланиши ва иқтисодий юксалишни таъминлашнинг энг муваффақиятли эталонларидан бири сифатида тан олинган. XX аср иккинчи ярмидаги иқтисодий қийинчиликлардан етакчи технологик саноат империясига айланган Жанубий Корея ўз муваффақияти калитини айнан таълимга йўналтирилган инвестициялар, саноат сиёсати ва технологик тараққиёт занжирида топди. Корея тажрибаси шуни кўрсатадики, профессионал кадрлар тайёрлаш тизими технологиялар трансферини қабул қилишнинг ягона интеллектуал фильтри ҳисобланади.
Бугун миллий тараққиётнинг янги уфқларини кўзлаётган Ўзбекистон ҳам айнан инсон капиталига ва инновацияларга таянадиган ривожланиш йўлини танлади. Шу нуқтаи назардан, Жанубий Корея биз учун нафақат илғор методикалар манбаи, балки замонавий иқтисодиёт учун мукаммал касбий таълим моделини шакллантиришда энг ишончли ва вақт синовидан ўтган стратегик шерикдир. Мақсадимиз — Корея тажрибасини миллий хусусиятларимиз, меҳнат бозоримиз вазияти ва халқимизнинг интеллектуал салоҳияти билан уйғунлаштирган ҳолда, Ўзбекистоннинг ўз иқтисодий ва касбий ривожланиш моделини яратишдан иборатдир. Тизим олдида турган энг катта вазифа — ташқи тажрибани миллий педагогик мактаб анъаналари билан синтез қилишдир.
Ҳамкорликдаги ўсишлар: таҳлилий рақамлар динамикаси
Ҳар қандай таълим концепцияси ёки ислоҳотнинг ҳақиқий қиймати ҳамда яшовчанлиги умумий баёнотлар билан эмас, балки аниқ статистик кўрсаткичлар, математик ўсиш суръатлари ва уларнинг замирида турган реал натижаларда намоён бўлади. Бу борада Касбий таълим агентлиги томонидан олиб борилаётган тизимли ишлар қисқа муддат ичида барқарор ўсиш динамикасини кўрсатди. Маълумотларнинг рақамли таҳлили стратегик режалаштиришнинг тўғри йўналишда кетаётганини кўрсатувчи асосий мезон ҳисобланади.
Касбий таълим агентлиги томонидан Кореянинг 10 дан ортиқ нуфузли таълим ташкилотлари ва етакчи университетлари билан фаол музокаралар олиб борилди. Энг муҳими, уларнинг 4 таси билан тўғридан-тўғри, амалий ҳамкорлик механизмлари йўлга қўйилди ҳамда техникумларимиз билан интеграциялашган қўшма таълим тизими яратилди. Ушбу ҳамкорлик шунчаки назарий алмашинув эмас, балки ҳар бир ўқув курси учун методик мувофиқликни таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар мажмуидир.
Таъкидлаш жоизки, атиги бир йил ичида касбий таълим тизимида барқарор ўсиш кузатилди. Агар 2025/2026 ўқув йилида халқаро дастурларга қамраб олинган Корея олий таълим муассасалари сони 1 тани ташкил этган бўлса, 2026/2027 ўқув йилига келиб, ушбу кўрсаткич 4 тага етди ва ҳамкорлик кўлами 4 баробарга ошди. Худди шундай, халқаро дастурлар жорий этилган маҳаллий техникумларимиз сони ҳам 2 тадан қисқа муддат ичида 13 тага етиб, қарийб 6,5 баробарлик ўсиш суръатини намойиш этди.
Тизимдаги халқаро дастурларда таҳсил олаётган ўқувчилар қамрови 90 нафардан бирданига 390 нафарга кўтарилиб, 4,3 баробарга ортди. Келтирилаётган фактлар ва рақамлар амалий ислоҳотларнинг реал ҳаётдаги тизимли аксидир. Жиддий эътибор қаратиладиган жиҳат шундаки, қамровнинг кенгайиши сифат кўрсаткичларининг пасайишига олиб келмади, аксинча, ҳар бир гуруҳга бириктирилган методик ресурслар ҳажми мутаносиб равишда оширилди. Бу стратегик барқарорликнинг ёрқин намунасидир.
“Таълим– халқаро тажриба – малака – муносиб иш” интеграл занжири
Бугунги кунда биз касбий таълим олдига мутлақо янги концептуал вазифани қўйдик: таълим фақатгина диплом бериш билан якунланмаслиги керак. Ҳозирда Жанубий Кореядаги касбий ҳамкорлар билан биргаликда “Таълим – халқаро тажриба — юқори малака — муносиб иш ўрни” имкониятларини концептуал занжири ҳаётга кенг кўламда татбиқ этилмоқда. Ушбу модель ўқувчининг таълимга қадам қўйган биринчи куниданоқ унинг келгуси касбий траекториясини аниқ белгилаш имконини беради.
Ушбу занжирнинг мустаҳкам устуворлиги сифатида техникумларимизда таълимнинг мослашувчан, халқаро даражадаги трансчегаравий форматлари — “2+1”, “1+2” ва “1+1” қўшма дастурлари жорий этилди. Ушбу инновацион моделлар амалиётда қуйидаги тизимли алгоритмлар асосида ишлайди:
“2+1” модели: Ўқувчи дастлабки 2 йил давомида Ўзбекистондаги техникумда Корея стандартлари асосида интенсив назарий ва амалий билим олади, таълимнинг сўнгги учинчи йилини эса Жанубий Корея коллежларида ўқиб, ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ўтаган ҳолда якунлайди. Бу модель ўқувчига ишлаб чиқариш муҳитига босқичма-босқич интеграциялашиш имконини беради.
“1+2” модели: Ўқувчи 1 йил давомида юртимизда тил ва базавий касбий фанларни ўзлаштиради, кейинги 2 йил давомида эса Корея таълим муассасасида чуқурлаштирилган профессионал касбий таълим тизимига интеграциялашади. Бу модель хорижий тил муҳитида касбий малакани тўлиқ шакллантиришга хизмат қилади.
“1+1” қўшма дастури: Ҳар икки давлат таълим муассасаларининг ўқув режалари тўлиқ синхронлаштирилган ҳолда, 1 йил маҳаллий техникумда ва 1 йил Корея коллежида академик алмашинув ҳамда кредитларни тан олиш шартлари асосида ташкил этилади. Бу ўқувчилар учун минимал вақт ичида максимал халқаро тажриба олиш формуласидир.
Ушбу тизимли ёндашув туфайли ёшларимиз таълим олиш жараёнидаёқ хорижий технологик муҳитга кириб борадилар, замонавий ускуналарни бошқаришни ўрганадилар ва халқаро меҳнат маданияти ҳамда юқори саноат интизомини ўзлаштирадилар. Саноат интизоми ва меҳнат этикаси — бугунги кунда иш берувчилар томонидан техник билимлардан кам бўлмаган даражада қадрланадиган фундаментал фазилатлардир.
Энг муҳим ютуғимиз шундаки, ушбу дастурларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар Ўзбекистон давлат намунасидаги диплом билан бир қаторда, Жанубий Кореяда ва дунё миқёсида тегишли доираларда тан олинадиган касбий сертификатларни қўлга киритадилар. Бу эса уларга шериклик шартномалари шартларига мувофиқ, Кореянинг нуфузли университетларида бакалавриат босқичини, агар белгиланган тил талаби ва кредитларни тан олиш шартлари бажарилса, тўғридан-тўғри 3-курсдан давом эттириш ёки ўз мутахассисликлари бўйича йирик корпорацияларда ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш ҳуқуқини беради.
Масалан, “Taegu Science University” билан йўлга қўйилган ҳамкорлигимиз доирасида битирувчиларимиз ушбу университетнинг учинчи босқичига, фақатгина дастурнинг академик мезонлари ва тил малакаси тўлиқ бажарилганда, ўқишни кўчириш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, мазкур университет ва тегишли муассасалар томонидан ёшларимизга Жанубий Кореяда амалдаги қонуний миграция ва меҳнат талаблари асосида, расмий иш юритиш тартибларига мувофиқ визаларни расмийлаштиришда ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан вақтинчалик ва узоқ муддатли истиқболлари кафолатланганини англатади.
Ҳамкорликнинг юқори технологик географияси ва лойиҳалар архитектураси
Бугунги кунда касбий таълим трансформациясининг асосий драйверлари сифатида Жанубий Кореянинг 4 та энг нуфузли ва юқори рейтингга эга олий таълим муассасалари билан мақсадли лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Ушбу олий таълим масканлари билан биргаликда мамлакатимиздаги ҳудудларни қамраб олувчи компетенциялар тармоғи яратилди:
“Seoil University” (Сеул): Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги 5 та йирик техникум (жумладан, Бухоро шаҳар 2-сон техникуми, Бухоро ҳамда Самарқанд туризм ва маданий мерос техникумлари, Ғиждувон ва Пастдарғом туманларидаги техникумлар) қамраб олинган. Ҳамкорлик йўналишлари эртанги куннинг драйвер соҳалари бўлган “Суъий интеллект қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш” ҳамда “Туризм ва меҳмондорчилик” ташкил этади. Ҳозирги кунда 150 нафар саралаб олинган иқтидорли ўқувчилар мазкур халқаро дастур асосида таълим олмоқда. Дастурнинг асосий мақсади — хизмат кўрсатиш соҳасига юқори технологик ечимларни интеграция қилишдир.
“Keimyung University”: Самарқанд шаҳар 4-сон ҳамда Шаҳрисабз шаҳар 3-сон техникумларини қамраб олган бўлиб, саноат тармоқлари учун зарур бўлган “Металлар технологияси ва материалшунослик” соҳаси бўйича ихтисослашган. Бугунги кунда 60 нафар ёш мутахассис Кореянинг энг илғор металлургия ва муҳандислик стандартлари асосида, замонавий устахоналарда тайёрланмоқда. Бу йўналиш мамлакатимиз машинасозлик тармоғининг кадрлар захирасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Taegu Science University”: Наманган (Чортоқ – Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми) ва Хоразм (Хива шаҳар техникуми, Хива Жамоат саломатлиги техникуми ва Янгиариқ тумани 3-сон техникуми) ҳудудларидаги 4 та ихтисослашган муассасани қамраб олади. Лойиҳалар доирасида саломатликни таъминловчи ”Ҳамширалик иши” (тиббий ўрта бўғин таълими) ва транспорт логистикаси учун зарур “Автомобиль транспорти сервис муҳандислиги” йўналишлари йўлга қўйилган. Ҳозирда 120 нафар ўқувчи тизимли равишда глобал стандартларга мослаштирилган дастурларда таҳсил кўрмоқда.
“Daejeon University”: Самарқанд (Сиёб – Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми) ва Тошкент (Сергели – Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми) шаҳридаги тиббиёт техникумларини бирлаштиради. Лойиҳанинг асосий йўналиши — Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти талабларига мос келувчи юқори малакали “Ҳамширалик иши“ дастуридир. 2025/2026 ўқув йилида 90 нафар ўқувчи билан бошланган лойиҳа изчил давом эттирилиб, 2026/2027 ўқув йилида яна 60 нафар энг иқтидорли ёшлар ушбу тизимга жалб этилди ва умумий контингент 150 нафарга етказилди.
Кадрлар салоҳияти ва инновацион педагогик таркиб трансформацияси
Таълим бошқаруви тажрибасидан келиб чиқиб айтиш жоиз: энг замонавий инфратузилма ёки лабораторияларни қурмайлик, агар ўқитувчи методикаси янгиланмаса — тизимда кутилган ўсиш ва ривожланиш мутлақо бўлмайди. Айнан мана шу таҳлилий қараш Корея билан ҳамкорлигимизнинг энг муҳим устувор йўналишини белгилаб берди. Ислоҳотни аввало педагогларнинг малакаси ва компетенциясини янгилашдан бошладик. Чунки дарс хонасидаги ўзгаришгина ҳақиқий натижанинг мезонидир.
Бу борада Корея томони билан биргаликда амалга оширилаётган нуфузли “LUPIC” лойиҳаси тизим пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида ташкил этилган Халқаро таълим форуми ва “Ақлли ишлаб чиқариш” махсус илмий-амалий семинари миллий педагогларимиз учун янги методик тажриба мактаби бўлди. Ушбу анжуманларда Кореянинг етакчи мутахассислари ва таълим технологлари томонидан қуйидаги йўналишлар бўйича энг сўнгги технологиялар ва амалий кейслар миллий тизимимизга тақдим этилди:
реал саноат ва йирик иш берувчиларнинг талабларига мослаштирилган ўқув дастурларини мақсадли ишлаб чиқиш;
сунъий интеллект ва рақамли технологияларни касбий таълим жараёнига методик интеграция қилиш;
инновацион муҳандислик методикаларини яратиш ва техникумларда рақамли таълим марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш.
Энг муҳим амалий қадамларимиздан бири — 2026 йилнинг ўзида 17 нафар етакчи маҳаллий педагог ҳамда бошқарув ходимларимизнинг Жанубий Кореяга мақсадли стажировкалари ташкил этилгани бўлди. Улар Кореянинг юқори технологик базаларида бевосита: Ахборот технологиялари тармоқ тизимлари ва киберхавфсизлик, автомобиль ва электромобилсозлик муҳандислиги, микроэлектроника ва яримўтказгичлар технологияси ҳамда мураккаб муҳандислик-коммуникация ва яшил энергия тизимлари йўналишларида илғор амалий малака ошириб қайтдилар. Бугун ушбу хорижий тажриба ҳар куни техникумларимиз аудиториялари ва лабораторияларига муваффақиятли кўчирилмоқда. Стажировка натижалари махсус назорат мониторингидан ўтказилиб, самарадорлик коэффициенти баҳоланмоқда.
Хорижий тил ва меҳнат бозори интеграцияси: экспертлар иштироки
Халқаро даражага чиқиш жараёни фақатгина хорижга боришимиз билан чекланмайди. Ҳақиқий таълим муҳити техникумнинг ўз ичида яратилиши лозим. Шу мақсаддан келиб чиқиб, биз Кореялик мутахассис ва профессорларни Ўзбекистон касбий таълим тизимига бевосита жалб этиш механизмини тизимли равишда йўлга қўйдик. Бу ёндашув ўқувчиларимизга ўз муассасаларидан чиқмаган ҳолда халқаро таълим стандартларини ҳис қилиш имконини беради.
2026 йилнинг ўзида жами 15 нафар кореялик мутахассис ва профессорлар юртимиз техникумларига узоқ муддатли фаолият юритиш учун таклиф этилди. Айни пайтда, улардан 3 нафари техникумларимизда касбий корейс тилини ўргатиш ва ўқувчиларни “TOPIC“ сертификатларига тайёрлаш бўйича интенсив дарсларни олиб боришмоқда. Яна 12 нафар муҳандис ва махсус фанлар бўйича экспертлар яқин ойлар ичида таълим ва амалиёт жараёнларига тўлиқ қўшилиб, ўз фаолиятларини бошлайдилар. Экспертларнинг жалб этилиши ўқув дастурларининг халқаро аудитини ҳам таъминлайди.
Бунинг аҳамияти шундаки, ёшларимиз чет тилини бевосита унинг эгаларидан ўрганадилар. Энг асосийси, бу жараёнда фақат тил эмас, балки Корея тараққиёт моделининг асоси бўлган тезкорлик ва юқори сифат тамойиллари, юксак корпоратив маданият, технологик интизом ва меҳнат этикаси элементлари ўқувчиларимизнинг дунёқарашига сингдирилади. Бу эса уларни нафақат техник жиҳатдан, балки профессионал жиҳатдан ҳам глобал миқёсда рақобатлаша оладиган мутахассис сифатида шаклланишларига хизмат қилади.
Эртанги кун иқтисодиёти: замонавий касблар ва стратегик мақсадлар
Бошқарув стратегияси нуқтаи назаридан бизни бугунги кўрсаткичлардан кўра кўпроқ яқин келажакда кутилаётган истиқболлар қизиқтиради. Бугун тайёрлаётган кадрларимиз келажакда — 2030 йилларда меҳнат бозорига кириб борганда ўз касблари эскириб қолмаслиги, аксинча, улар энг тренд ва талаб юқори бўлган мутахассис бўлишлари шарт. Рақамлаштириш жараёнлари шуни кўрсатадики, анъанавий касблар сунъий интеллект ва автоматлаштирилган тизимлар таъсирида тубдан ўзгармоқда. Шу сабабли, биз йўналишларни “Келажак касблари“ деган умумий тушунчада эмас, балки технологиялар таъсирида трансформацияга учраган замонавий касблар сифатида беришни мақсадга мувофиқ деб билдик.
Айнан ушбу узоқни кўзлаган стратегик мақсадни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ва тегишли Ҳукумат баёнлари ижросини таъминлаш мақсадида, 2026 йилнинг 27 июлидан 1 августигача Жанубий Кореяга Касбий таълим агентлигининг юқори даражадаги расмий хизмат сафари ташкил этилди. Ушбу ташриф якунлари бўйича касбий таълим тизимимизга инновацион, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишларни олиб кириш бўйича келишувларга эришдик:
Авиация ва глобал хизмат кўрсатиш саноати (“INHA Technical College”): Жанубий Кореянинг етакчи авиация муассасаларидан бири бўлган “INHA Technical College“ билан имзоланган меморандумга биноан, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Тошкент ва Урганч шаҳарларидаги техникумларда авиация соҳаси учун зарур бўлган “Борт кузатувчиларини тайрлаш” йўналиши очилади. Бугунги кунда борт кузатувчиси касби шунчаки хизмат кўрсатиш эмас, балки хавфсизлик ва интеллектуал бошқарув тизимлари билан бевосита боғлиқ замонавий соҳадир. Лойиҳа доирасида коллежнинг 2 йиллик халқаро таълим дастури миллий тизимга имплементация қилинади, шунингдек, 6 ойлик интенсив қисқа муддатли касбий курслар йўлга қўйилади. 2028/2029 ўқув йилидан бошлаб эса ушбу йўналишда академик мезонлар асосида “1+1” форматидаги қўшма дастур ишга тушади.
Дронлар технологияси ва аэрокосмик муҳандисли (“Kyongi” машинасозлик коллежи): Бугун дронлар ва учувчисиз учиш аппаратлари нафақат махсус соҳаларда, балки қишлоқ хўжалиги, логистика, геодезия, қурилиш ҳамда экологияда кенг қўлланилмоқда. Айнан ушбу соҳада ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш мақсадида Кореянинг ушбу етакчи коллежи тажрибаси асосида техникумларимизда “Дрон оператори ва уларга техник хизмат кўрсатиш” соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича тўлиқ келишувга эришилди. Ушбу касб рақамли иқтисодиёт ва космик мониторинг технологиялари билан интеграциялашган ҳолда ўргатилади. Бу эса Ўзбекистонни минтақада дрон технологиялари бўйича касбий кадрлар тайёрловчи асосий марказлардан бирига айлантиради.
Урбанизация ва инфратузилма муҳандислиги (“Korea Elevator University”): Мамлакатимизда кўп қаватли смарт уй-жойлар ва замонавий массивлар қад ростламоқда. Бундай улкан урбанизация ва мегаполислар инфратузилмаси рақамли тизимларни мукаммал биладиган техник кадрларни талаб қилмоқда. Шу мақсаддан келиб чиқиб, Кореядаги ихтисослашган олийгоҳ ҳисобланган ушбу университет билан Тошкент шаҳрида махсус техникум танланиб, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб “Лифт техниги“, “Экскалатор техниги“ ҳамда саноат корхоналари учун “Маразлаштирилган кондиционерлар ва иқлим назорати тизимлари монтажчиси” каби замонавий касблар бўйича мутахассислар тайёрлаш бошланади. Лифт ва эскалатор тизимлари ҳозирда тўлиқ микропроцессорли бошқарувга ўтган бўлиб, мутахассислардан юқори дастурлаш ва муҳандислик малакасини талаб этади.
Рақамли иқтисодиёт ва "Яшил” иқтисодиёт (“Cheju Halla University” va “Seojeong University”): Бугунги кунда глобал бизнес оламида энг муҳим талаб бу ESG (Экология, ижтимоий масъулият ва корпоратив бошқарув) стандартларидир. “Cheju Halla University” билан имзоланган меморандум доирасида техникумларимизда “Global ESG” махсус дастури жорий этилади. Бу дастур доирасида ёшларимиз онлайн платформалар орқали “Сунъий интеллект асосида халқаро молиявий ҳисобот ва аудит юритиш” бўйича энг янги билимларни эгаллайдилар. Шунингдек, “Seojeong” университети билан имзоланган меморандум доирасида транспорт, глобал саноат ҳамда дизайн йўналишларида академик алмашинув ҳаётга татбиқ этилади. Мазкур тизимга “Chungbuk Provincial University” билан имзоланган меморандум ҳам интеграциялашиб, транспорт, логистика ва смарт хизмат кўрсатиш соҳаларини тўлиқ қамраб олади.
Тизимли ривожланиш йўналишлари ва истиқболдаги режалар
Тарих саҳифаларини ва глобал иқтисодий жараёнларни кузатиш шуни кўрсатадики, дунёдаги тизимли иқтисодий юксалиш ва технологик тараққиёт сифати дастлаб мактаб парталаридан, замонавий устахоналаридан ҳамда сифатли касбий таълим тизимидан бошланади. Таълим тараққиёти мақсадли саноат сиёсати билан уйғунлашгандагина мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлайди. Жанубий Корея тажрибаси бунинг яққол ва жонли намунасидир.
Бугун Янги Ўзбекистон ҳам айнан мана шу энг тўғри ва стратегик йўлни — инсон капиталига ва таълим сифатига инвестиция киритиш йўлини танлади. Касбий таълим тизимида бошланган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда Жанубий Корея Республикаси билан кун саин мустаҳкамланиб бораётган стратегик шериклик моделлари — бу шунчаки тармоқ лойиҳалари эмас. Бу — минглаб ўзбек ёшларининг ҳаёти ва профессионал фаолиятини тизимли томонга ўзгартирадиган, юртимизда янги малакали мутахассислар қатламини яратадиган, шунингдек, Ватанимизнинг глобал дунёдаги иқтисодий мустақиллиги ҳамда рақобатбардошлигини таъминлайдиган жараёндир.
Бугун биз техникумларимизда фақатгина назарий билимга эга бўлган ходимларни эмас, балки халқаро миқёсда рақобатлаша оладиган, янги технологияларни мукаммал эгаллаган янги профессионал авлодни вояга етказмоқдамиз. Мақсадимиз аниқ: ўзбек йигит-қизлари меҳнат бозорида энг қидирилган ва талаб юқори бўлган мутахассисларга айланиши зарур. Корея билан қурилаётган касбий таълимдаги стратегик шериклик — бу келгуси иқтисодий муваффақиятларимиз пойдеворидир.
Азимжон ҲУСАНОВ,
Касбий таълим агентлиги директори