Корея иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат кенгаши раиси Ги Сеоб Квон бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди.
Меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) кўмагида ташкил этилган ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди. Марказда касб-ҳунар ўрганаётган ёшлар, уларнинг мақсад ва интилишлари билан қизиқди.
[gallery-23922]
– Ўзбекистонда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган, – дейди Иқтисодий, ижтимоий кенгашлар ва бошқа институтлар халқаро ассоциацияси (AICESIS) бош котиби ўринбосари Оакаи Сон. – Бу каби касб-ҳунарга ўргатиш марказлари ана шу ҳамкорлик самарасидир. Самарқанддаги марказда ҳам тингловчилар қисқа вақтда касб кўникмаларини эгаллашлари учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратилган экан. Албатта, марказлар биринчи навбатда ички эҳтиёждан келиб чиқиб, ишсиз фуқароларга касб-ҳунар ўргатмоқда. Корейс тилини яхши ўзлаштирганлар Кореяга ишга бориш имкониятига ҳам эга бўлмоқда. Келгусида Корея саноати мавжуд бўш иш ўринларига янги номзодларни ишга йўналиштиришда шу каби марказларга таяниш кўзда тутилган.
Марказда Корея иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат кенгаши, Самарқанд вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармалари ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши раҳбарлари иштирокида ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича шериклик келишув йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, миграция ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Кореялик меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазавор жойларни томоша қилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари